Раҳбар сўзида турди. Аҳоли-чи, масъулиятини унутмадими?
Бу йил мен учун ўзгача шукуҳ билан бошланди. Агар гапимни Кимёгарлар шаҳарчасида узоқ йиллардан бери истиқомат қиламан, деб бошласам, ушбу шукуҳ мазмунини дарҳол англаб оласиз.
Кўп йил вилоят ташкилотларининг бирида ишладим. Айни пайтда нафақадаман. Инсон учун оиладаги ободлик, хотиржамлик қанчалик муҳим бўлса, атрофдаги, айниқса, ўзи истиқомат қиладиган ҳудуднинг ободлиги ҳам шунчалик аҳамиятлидир.
Тан олиш керак, узоқ йиллардан бери Кимёгарлар шаҳарчаси қаровсиз бир ҳудудга айланган, нафақат раҳбарлар, балки шу ерда истиқомат қилувчиларнинг ҳам эътиборидан четда қолганди. Вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг шу масканга ташрифидан сўнг шаҳарчада деярли ҳар куни бир ўзгаришлар содир бўлди. Яширмайман, бу ташрифдан жуда катта умид қилмагандик. Нари борса, йўлларга асфальт ётқизилса керак-да, деб фикр қилдик. Аммо нотўғри мулоҳаза юритибмиз, узоқ йиллик ишончсизлик онгимизни эгаллаб олган экан. Қисқа фурсатда Кимёгарлар чин маънода шаҳарчага айланди. Йўллар текисланиши баробарида уй-жойлар тўлиқ таъмирланди, Муҳташам маданият саройи ва бошқа объектлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шаҳарча бутунлай янгича қиёфага кирди. Бунинг завқини ва шукронасини бу ерда узоқ йиллардан бери яшаётган, бефарқ бўлмаган инсонлар жуда яхши ҳис қилади.
Бу жараёнда яна бир ҳолатга гувоҳ бўлдим: бу - раҳбарнинг халқ билан мулоқоти ҳамда ўз сўзини охирига қадар бажариши. Бу ҳам бизнинг омадимиз бўлса керак. Хўш, раҳбар ўз вазифасини бажарди, аҳоли учун қулай шарт-шароит яратилди. Аммо аҳоли ўз масъулиятини унутмадими? Янги йилнинг илк кунларида шу ҳақда хаёлга толдим. Сабаби, ободлик осонлик билан бўлмайди, аммо уни асраб-авайламасангиз, осонликча аввалги ҳолатга келиб қолиши мумкин. Шу ўринда барчани масъулликка ундамоқчиман, обод шаҳарчамизни асраб-авайлашга, янги иншоотлар, йўллар узоқ вақт бизга хизмат қилишини тиламоқчиман. Ахир неча йил деганда шундай имкониятларга эришдик, энди уни асрайлик, фарзандларимиз ҳам обод масканларда улғайишига ўз ҳиссамизни қўшайлик, дейман.
Гулшан Ҳамроқулова.