Нурсиз қолаётган шаҳарча

Самарқанд шаҳрининг Нурли Келажак, Нурафшон, Шукрона сингари 6 та маҳалласини ўз ичига олган Кимёгарлар шаҳарчасида 25 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Бугунги аномал совуқ кунларда бу ерда яшаётганларга осон бўлмаяпти.

Гап шундаки, ҳудуддаги тураржойлар асосан кўп қаватли уйлардан иборат. Уйларни иситиш тармоғи эса йўқ. Аҳоли кўп қаватли уйдаги хонадонларини фақат электр энергияси ҳисобига иситади.

- 13-15 январь кунлари «свет»ни деярли беришмади,- дейди Нурли келажак маҳалласи раиси Комил Давронов. - Масъулларга чиқдик, "Авария бўлган, тўғрилаяпмиз", дейишди. Муаммо бартараф этилгандан кейин ҳам вазият яхшиланмади. Бир кунда 10-15 маротабалар бир-икки соатгача узишяпти. Биргина маҳалламизда 1300 та хонадон бор. Шундан 114 тасида ногиронлар туради, бола, кексалар, касаллар бор. Халққа нима деб тасалли беришни ҳам билмаяпман.

Биз кеч тушиши билан шаҳарчага етиб бордик. Соат 16:40 да бутун шаҳарча электр энергиясиз эди. Аҳолининг айтишича, «свет»нинг боридан йўқ вақти кўпроқ экан. Уйни қандай иситяпсизлар, деган саволимизга баъзилар газ баллончаларидан фойдаланади, кўпчилик чироқ ёнгунча сабр қилади, деган жавобларни олдик.

Ҳа, ҳудудга етказиб берилаётган газ босими ҳам жуда паст. Оқибатда газ кўп хонадонларга етиб ҳам бормайди.

- Келиним, икки нафар неварам билан тураман, - дейди бир онахон. - Кечқурун "осган" овқатим эрталабга бориб пишади. Ўй-хаёлимиз совуқда бир амаллаб жон сақлаш билан овора. Қайси асрда яшаяпмиз ўзи?

Биз мақолани ёзгунча шаҳарчада чироқлар ёнди. Аммо бу гал қанча вақтга, ҳеч ким билмайди. Сиз биласизми масъуллар?

Яна бир масала. Ҳудуддаги қайси уйнинг олдига тўхтамайлик, пиёдалар йўлакчалари, подездларга кириш жойлари вақтида қордан тозаланмаганлиги учун музлаб қолгани, умуман, асосий йўллардан ташқари деярли ҳеч қаерда қор, музламалар тозаланмаганлигини кўрдик. Бу уйларга, ҳудудга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар борми? Агар улар ишламаса, маҳалла фаоллари, хонадон эгалари ҳашар қилиб, юраётган йўлини тозаласа, хавфсизроқ қилса бўлмайдими? Бирор кор-ҳол бўлишидан олдинроқ ҳаракат қилайлик. Бу гап энергетикларга ҳам тааллуқли.

Асқар Баротов,

Бахтиёр Мустанов (фото).