Раҳбарнинг ҳалоллиги одамларнинг унинг фаолиятига берган баҳоси билан ўлчанади
Зотан, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз таъбири билан айтганда, ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир.
Мамлакат ободлиги ва тараққиётини, халқ осойишталиги ва фаровонлигини таъминлашда раҳбар шахслар зиммасига ҳамиша юксак мажбурият юклатилган. Уларга ана шу масъулиятли вазифаларни қанчалик бажара олганига қараб баҳо берилган. Ҳозир ҳам бу ҳаётий қоида ўз аҳамиятини йўқотмаган. Аксинча, у янги давр талаблари асосида янада такомиллашиб бормоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбари 2017 йил ва ундан кейинги даврга белгиланган вазифаларни амалга ошириш учта энг муҳим талабга боғлиқ эканини алоҳида таъкидлади: биринчи – давлат раҳбари – Президентдан бошлаб барча бўғиндаги раҳбарларнинг якуний натижалар учун шахсий жавобгарлиги. Иккинчи – ҳамма соҳада аниқ тартиб ва қатъий интизомни таъминлаш. Учинчи талаб – кадрларимизнинг софлигини таъминлаш, ишдаги ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва бундай иллатларнинг илдизини қуритиш.
Президентимиз раҳбар шахслардан, биринчи навбатда, шахсий жавобгарликни талаб қилаётгани бежиз эмас. Нега деганда, раҳбарликнинг ўзига хос масъулияти бор ва шу сабабли унинг юкини кўтариш ҳеч қачон осон бўлмаган. Раҳбар шахслар масъулият ва жавобгарликни шахсан ўз елкасига олмас экан, бу уларга ишонч билдирган, ҳурмат-эътибор кўрсатган одамларни алдаш, уларга хиёнат қилиш билан баробардир.
Содда қилиб айтганда, раҳбар шахсларнинг асосий вазифаси одамларга хизмат қилиш, уларни рози қилишдан иборат. Шундай экан, улар ўз масъулияти ва жавобгарлигини, аввало, виждони олдида, унга ишонч билдирган одамлар, эл-юрт олдида чуқур англаши, зиммасига юкланган вазифаларни адо этиш учун ўзи жонбозлик кўрсатиб, ўзгаларни ҳам фидокорликка чорлаб яшаши ҳамда ишлаши даркор.
Мансаб ва лавозимларда фаолият кўрсатиш учун яхши одам бўлишнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун инсон билимли, юқори малакали, юксак савияли, ташаббускор, масъулиятли, талабчан, адолатли, бағрикенг, кечиримли, одоб-ахлоқли, садоқатли, қатъиятли ва албатта, тартиб-интизомли бўлиши шарт.
Раҳбар шахснинг ўз ишига лоқайд муносабати эса ҳар қандай жамоа ва ташкилотдаги муҳитнинг бузилишига олиб келади. Қолаверса, раҳбарнинг лоқайдлиги ва боқибеғамлиги иш учун жони ачийдиган виждонли одамларнинг ҳам шаштини сусайтиради. Шу тариқа халқнинг дардига бефарқ қарайдиган, ўз манфаатидан бошқа нарсани ўйламайдиган, худбин ва тамагир раҳбарлар, бир томондан, юртимиз равнақига, иккинчи томондан, халқимиз фаровонлигига тўсиқ бўлади.
Ҳар ким, ҳар қайси раҳбар ўз жойида, ўз лавозимида туриб, бурчини ҳалол бажариши давр талабидир. Раҳбар шахслар ҳар доим, ҳамма жойда ибрат кўрсатиши, шу жумладан, софлиги ва ҳалоллиги билан барчага намуна бўлиши лозим.
Президентимизнинг талаби шундай. Тўғри, йиллар давомида мансаби туфайли ҳаром даромадга ўрганиб қолганларга бу гап хуш келмайди. Очиғи, давлат раҳбарининг шиддатли ва қатъий талабларидан сўнг айрим "мардлар" "Узр, мен хатоимни тан оламан, мансабимдан фойдаланиб, иккита ресторан, дўкон, тўйхона қурдим, энди одамларнинг кўзига қарашга юзим йўқ", – деб четга чиқса керак, деб ўйлагандим.
Минг афсус, бундайларнинг айримлари бетини қалин қилиб, кўпчилик ичида юрибди. Тағин ўзини замона талабини тушунгандек кўрсатмоқчи бўлади. Шошилманг, азизлар, Президент белгилаб берган мезонлар аста-секин улар фаолиятини ўлчашга ҳам етиб боради.
Тасаввур қилинг, кечагина бир парча ерни сотиб ўрганган, экин майдонларини уй-жойларга (албатта, текинга эмас) бериб юборган, қурилиш тендери ғолиблигини таниш-билиш, ака-ука ва яқин одамларига бўлиб ташлаган раҳбар бугунга келиб, даврага чиқиб, коррупцияга қарши кураш ёки ҳалоллик тўғрисида сизу бизга маъруза ўқиб турса, кулгули эмасми?
Эҳтимол, жамоаси азбаройи раҳбар бўлгани учун унинг гапига қулоқ осар, жим туриб эшитар. Аммо жамоа ана шу нопок раҳбар туфайли бугунги сиёсатимизга ишонмайди. Жонини жабборга беришдан тийилиб туради.
Яқинда бир танишим мақтаниб қолди:
– Раҳбаримиз зўр одам. Ўғлимнинг никоҳ тўйини ўз ресторанида арзон нархда ўтказиб берди. Қизига очиб берган тиббиёт марказида уч нафар ходимимиз ярим пулига даволанди. Айтгандай, иккита квартирасига жамоамизнинг ёш оилаларини арзон ижарага қўйган.
Бояқиш танишим билмайдики, бундай шахслар каттаю кичикни ана шунақа "мурувват" билан алдаб ўрганишган.
Йўқ-йўқ, мақола муаллифининг қайсидир раҳбарга ҳасади йўқ. Бундайларни қисқа муддатда ўзгартириш мумкин эмаслигини ҳам яхши биламан. Аммо... Бутун вужуди билан халқини севиб, одамлар дардини эшитаётган, аҳолига қулайлик яратишга шаҳд билан киришган Президентимизнинг меҳнатларини қадрлайлик, у кишига муносиб бўлиб ишлайлик, демоқчиман. Агар биз ҳам нопок раҳбарларнинг юзига улар хатосини айтишни ўргансак, ислоҳотларда бундан ҳам юқори самарага эришамиз. Мақсад шуки, ҳар бир раҳбар ҳалқ у ҳақда нима фикрда эканини билиб турсин.
Фармон ТОШЕВ.