Раҳмдиллик ақл-идрокни талаб қилади

Мабодо раҳмдил одамни содда, деб ўйласангиз адашасиз. Мутахассисларнинг фикрича, раҳмдиллик юксак ақл-идрок нишонасидир. Бошқача қилиб айтганда, раҳмдил инсон – ақлий жиҳатдан етук инсон экан.

Нейробиолог Ричард Дэвидсон “яхшилик - соғлом миянинг асоси”, дейди. У раҳмдиллик нафақат ўзи ҳақида, балки бошқалар ҳақида ҳам ўйлаш қобилиятини талаб қилишини тушунтиради. Охир-оқибат ақл - билим ва кўникмаларни эгаллаш ва қўллаш қобилияти, деб таърифланади. Яъни, ақлли бўлиш шунчаки, тасодифий фактларни эслаб қолишнигина эмас, балки ўз билимингизни кундалик ҳаётда қўллаш зарурлигини белгилайди.

Худбинлик, хусумат ва атрофдагиларни писанд қилмаслик учун кўп ҳам ақл ишлатиш керак эмас. Бошқалар учун қандай оқибатлар келтиришини ўйламасдан, хоҳлаган ишни қилиш жуда осон. Бактерия ва вируслар ҳам шу йўлни кўришади. Негаки, уларда мия йўқ-да. Ҳатто ўзининг ташувчисини ўлдирса ҳам улар фақат ўзининг кўпайишини билади, холос.

Мулойим одамлар кўпинча шахсий қурбонликлари эвазига яхши ишлар қилишади. Улар ўзларининг вақти, пули, имкониятини бошқалардан қизғанмайди. Яхши ишлари нафақат уларнинг ён-атрофини, балки бутун дунёни бойитишини билади.

Дэвидсон раҳмдил инсонлар ақллироқ эканлигини исботлаган ягона мутахассис эмас. Яна бошқа кўпгина ўрганишлар хулосаси дарғазаб инсонларнинг ақлий жиҳатдан пастлигини кўрсатди. Масалан, Канадада ўтказилган бир тадқиқотда ирқчилик ва хурофотга дучор бўлган одамларнинг интеллект даражаси (IQ) хушфеъл инсонларга қараганда паст эканлиги аниқланди. Аслида бу тадқиқот сиёсий қарашлар сабабларини ўрганиш учун қилинган эди. Натижаси эса муаммонинг ҳар икки томонига ойдинлик киритди. Гап шундаки, ирқчилик ва хурофотга мойиллик кўпинча ўзгаришларга мослаша олмасликдан келиб чиқади ва бу ақл пастлигининг яна бир далолатидир.

“Ақл-идрок - ўзгаришларга мослашиш қобилиятини белгилайди”. Ушбу иборани буюк олим, назариячи физик Стивен Хокинг таъкидлаган деб айтишади ва бу мантиққа яқин, жуда тўғри. Ўзгаришларни қабул қилиш қобилияти ақлий куч талаб қилар экан.

Ўзгаришлар бизга нима учун кераклигини аввало, тушуниб олишимиз керак. Кейин эса ҳаёт тўғрисидаги эскирган фикрлардан воз кечиб ва ниҳоят бизни қўрқитаётган ўзгаришлар ҳаётимизни, атроф-муҳитни бироз бўлса-да, яхши томонга бураётганини англаб етамиз.

Адолат билан айтиш керак, баъзи тадқоқотлар интеллект даражаси ўта юқори бўлган одамлар орасида бир қатор ёқимли бўлмаган хусусиятлар ҳам борлигини аниқлади. Бундай одамлар такаббурлик ва манманлик қилиб, ўзидаги камчиликларни сезмайди. Бу хусусиятлар албатта, раҳмдиллик билан боғлиқ эмас.

Бошқа одамларнинг ички дунёсини онгли равишда англаш мақсадида Дания мактабларида математика ва ўқиш билан бир қаторда, эмпатия дарси жорий қилиниб, ҳафтада бир соат болаларни меҳрибон, раҳмдил бўлишга ўргатишади. Эмпатия биринчи навбатда, бошқа одамнинг ҳис-туйғуларини тушуниш қобилиятидир ва бировнинг ҳис-туйғуларини тушуниш учун фактларни эслаб қолиш ва буйруқ беришдан кўра, кўпроқ ривожланган ақл талаб этилади.

Ҳар бир қоиданинг истисноси бўлгани каби ақлий даражаси юқори инсонлар раҳмдилликка мойил эмас, ақлий даражаси пастроқ инсонлар эса ноёб раҳм шавқат қобилиятини намойиш қиладиган ҳоллар ҳам бўлиб турар экан.

Шунга ҳам қарамай, инсон ақли тестдаги кўрсаткич эмас. Хушмуомалалик, самимийлик, бировга сидқидилдан яхшилик қилиш, бошқа одамларнинг ҳис-туйғуларини ҳурмат қилиш ва бизни қўрқитадиган ўзгаришларга мослашиш – бу мисли кўрилмаган ақлнинг асл кўрсаткичидир.

Сиз бунга нима дейсиз?

Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.