Рақамли телевидение асаббузарликми?

Ҳайрон бўлманг, икки йил  давомида биз ана шундай хулоса чиқаришга мажбур бўлдик.  “Ўзбектелеком” Самарқанд филиали ходимлари таклифига кўра таҳририятга оптик толали сим тортиб келинди ва IPTVга уландик.

Тўғриси, ўша кундан буён телевизор яхши ишламайди. Биз дастлаб ишнинг бошланишида бўлади-да, деб ўйладик. Лекин аҳвол ўзгармади, уста чақиравериб овора бўлдик, охири чақирмай ҳам қўйдик. “Уста”лар ТАТУ Самарқанд филиали талабалари экан. Арзон куч ишлатишаяптими, демак уларда мутахассис етишмайди ёки маоши кам. Ваҳоланки, биз ҳар ойда бу хизматлар  учун  72 000 сўмдан тўлаймиз.

Гап фақат бизнинг таҳририят ҳақида бормаяпти, бу хизматдан фойдаланувчилар бизга ҳар куни носозлик ҳақида шикоят қилишаяпти.

Савол туғилади: агар мутахассиси йўқ бўлса, симлар яроқсиз бўлса, замонавий ускунага пул етмаса, бу тизимни нега йўлга қўйишди? Энг ёмони, шундай шароитда ҳам бу тизим фаолияти устидан мониторинг юритилмайди. Аниқроқ қилиб айтсак, техник вазият назорат қилинмайди. Натижада телевизор кун бўйи ҳар 5-10 дақиқада “сигнал йўқ” деган титрни кўрсатаверади. “Ўзбектелеком” ҳудудий филиали раҳбарларининг эса парвои палак, бу хизмат учун уларга пул тушиб турса бас. Юқори ташкилотга хат берганмиз, ўрганиб чиқишаяпти, дейишади.

Бизга ким жавоб беради - IPTV Самарқанд аҳли учун асаббузарликми?