Регистоннинг яшил макони
Регистон майдони – қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрининг меъморчилиги, ҳунармандчилигининг гўзал ва ноёб намунаси.
Бу ердаги Мирзо Улуғбек, Тиллакори ва Шердор мадрасалари асрлар силсиласига дош бериб келди. Мамлакатимиз мустақиллиги йилларида Регистон ансамбли янада кўрк очди. Республикамиз Ҳукуматининг қарорлари қабул қилиниб, давлат бюджетидан ажратилган маблағлар эвазига майдон ва унинг обидалари тубдан таъмирланди, атрофи ободонлаштирилди. Сайёҳлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратилди. Кириш-чиқиш тартибга солинди, совғалар дўконлари очилди, дам олиш учун ўтирғичлар ўрнатилди.
Республикамизда маъқулланган “Яшил макон” дастури доирасида ўтказилган “Дарахт ва гул кўчатлари ўтқазиш кузги мавсуми”да жамоамиз ҳам фаол қатнашиб, Регистон майдони атрофига 10 минг тупдан ортиқ гул кўчатлари экилди.
Энг эътиборлиси шундаки, бу ерда мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий давлатлар сиёсий раҳбарлари томонидан экилган дарахтлар аллеяси пайдо бўлди. Яқинда Франция Республикасининг Президенти Эмманюэль Макрон Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан биргаликда ўтқазган дарахт кўчати алоҳида парвариш қилинмоқда.
Илгари ушбу майдонда Туркия, Қозоғистон, Венгрия, Озарбайжон, Туркманистон, Қирғиз Республикаси каби қатор давлатлар раҳбарлари ўз қўллари билан эккан дарахтлар баравж ўсмоқда.
Ушбу аллея ҳам Регистон ансамбли ҳуснига-ҳусн қўшиб, шаҳримиз меҳмонлари ва сайёҳларининг эътиборини тортиб, уларнинг қизиқишини уйғотмоқда ҳамда халқимизнинг турли миллатли аҳоли билан дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Фарангиз ЖАББАРОВА,
“Регистон” ансамбли гид-экскурсиячиси.