Республикамиз бўйлаб “Қоғозсиз бир кун” акцияси бўлиб ўтади
25 октябрь куни республикамизнинг барча ҳудудларида “Қоғозсиз бир кун” эко-акцияси ўтказиш кўзда тутилган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабарига кўра, “Халқаро қоғозсиз кун” муносабати билан ўтказиладиган акциядан мақсад қоғоздан фойдаланишни камайтириш ва ундан оқилона фойдаланишни тарғиб қилишдир.
Акция доирасида дарахтларни асраб-авайлаш, улардан ишлаб чиқарилаётган қоғозлар сарфини камайтириш, мебель жиҳозларини ясашда қайта ишланган хом ашёлардан кенг фойдаланиш, қоғозларни ахборот-коммуникация технологияларига алмаштиришни тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг хомашё базасини янада ривожлантириш, иккиламчи қоғоз чиқиндиларини қайта ишлашга қаратилган тарғиботлар амалга оширилади.
Маълумот учун, “Халқаро қоғозсиз кун” акцияси Ахборот ва тасвирни бошқариш ассоциацияси (АИИМ) томонидан 2016 йилда ташкил қилинган бўлиб, қоғоздан оқилона фойдаланишни тарғиб қилишга қаратилган. Ассоциация маълумотларига кўра, 1 тонна қоғозни тежаш ёки қайта ишлаш 17 та дарахт, 26 000 литр сув, 3 куб метр ер, 240 литр ёқилғи ва 4000 кВт/соат электр энергиясини тежаб қолади.