Республикамиз саноати учун янги маҳсулот – “Артишок барги чойи” ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилмоқда
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида Республикамиз саноати учун янги маҳсулот – “Артишок барги чойи” ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 23 октябрдаги хулосасида келтирилган.
Институтда олиб борилаётган илмий тадқиқот ишларининг навбатдаги ютуқлари сирасига кирувчи ушбу доривор чой маҳсулоти овқат ҳазм қилиш, қон айланиш тизимлари, жигар, буйраклар, ўт пуфаги фаолиятини яхшилаш ҳамда танадаги ортиқча ёғларни йўқотишга тавсия этилади. Хорижда артишокни қимматбаҳо доривор ўсимлик сифатида яхши билишади. Бизнинг дорихоналаримиздаги мавжуд артишокдан тайёрланган препаратлар ҳаммаси импорт қилинган маҳсулотлар ҳисобланади.
Артишок кўп мамлакатлар фармакопеясига киритилган доривор ўсимлик ҳисобланиб, республикамизда бир неча йиллардан бери экилиб, биологик хусусиятлари ўрганилиб, муваффақиятли интродукция қилинган.
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти бир гуруҳ олимлари томонидан 2021 йилдан бошлаб ушбу ўсимликни Самарқанд ва Бухоро вилоятларининг қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган қурғоқчил ва шўрланган ерларида экиш, биомассасини етиштириш ҳамда хом ашёсини тайёрлаш устида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, етиштирилган артишок хом ашёси таркибида инсон организми учун фойдали биологик фаол моддалар етарли миқдорда мавжуд.
Бу ўсимлик хом ашёсидан доривор чой маҳсулотни тайёрлаш ва қадоқлаш жараёнлари институт лабораторияларида амалга оширилди. 2021 йилда артишок етиштириш, хом ашёсини олиш ва ундан чой тайёрлаш жараёнлари учун дастлаб “Fitochoy – super power” мавзусида стартап лойиҳаси қўлга киритилди. Лойиҳа асосида фан-ишлаб чиқариш интеграцияси вужудга келиши натижасида эндиликда бу ўсимликдан саноат миқёсида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда аҳолимизни экологик тоза, сифатли, органик маҳсулот билан таъминлаш учун тўла имкониятлар мавжуд.
Йигитали ТОШПЎЛАТОВ,
Самарқанд агроинновациялар ва
тадқиқотлар институти доценти.