Реставраторлар Самарқанддаги тарихий обидаларнинг "синоат"ларини ўрганди
Республика Бош прокуратураси ҳамда вилоят маданий мерос бошқармаси ҳамкорлигида Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетининг архитектура ёдгорликларини реконструкцияси ва реставрацияси йўналиши талабаларини Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларга саёҳати уюштирилди.
Талабалар тарихий обидалар билан танишишдан ташқари уларнинг бой тарихи, қурилиш ишлари, асрдан-асрга қандай сақланиб келаётгани ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлишди. Шунингдек, вилоят маданий мерос бошқармаси ҳузуридаги илмий эксперт маслаҳат кенгаши раиси, тажрибали архитектор Маматқул Холиқулов талабаларга тарихий бино ва иншоотларнинг реконструкцияси ва реставрацияси ҳақида гапириб берди.
- Ўзимдаги бор билим ва тажрибани сиздек ёшларга қолдириб кетсам дейман, - деди М.Холиқулов. – Тарихий бинолар реставрациясига қизиқадиган ёшларни шогирдликка олишга тайёрман. Агар ҳақиқатда келажакда реставратор бўлиш истагида бўлсангиз, сизларга қўлимдан келганча ёрдам бераман.
- Университетимизда архитектура ёдгорликларини реконструкцияси ва реставрацияси йўналиши бўлиб, унда 45 нафар талаба таҳсил оляпти, - дейди архитектура назарияси ва тарихи кафедраси доценти, архитектура фанлари номзоди Дилором Салоҳиддинова. – Бундай саёҳатлар талабаларнинг ўз соҳасига бўлган қизиқишларини янада оширади.
Тадбирда Республика Бош прокуратураси бошқарма прокурори Достон Камалов, вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Ботир Шайматов ва университет профессор-ўқитувчилари талабаларга ҳамроҳлик қилди.
Хуршида Эрназарова.