2020 йилда Россиянинг қайси соҳаларида муҳожирлар меҳнати чекланади?
Россия ҳукумати 2020 йилда қайси соҳаларда меҳнат муҳожирларининг фаолияти чекланганлигига аниқлик киритди.
“Тартиблар белгиланишида меҳнат бозорининг минтақавий хусусиятлари, шунингдек, россияликларни иш билан таъминлаш устуворлиги ҳисобга олинди”, дейилади Россия Давлат думаси расмий сайтида эълон қилинган қарорда.
Кўплаб соҳаларда хорижий ишчиларнинг рухсат этилган улуши 2019 йилдаги каби ўзгартиришларсиз қолдирилди. Мисол учун, йўловчи транспорти ва юк ташиш транспорти соҳаларига умумий ишчилар сонининг 26 фоизига хорижий ишчиларни жалб этиш мумкин. Спорт соҳасига – 25 %. Ходимларнинг умумий сони ичида чет элликларнинг энг катта улуши қурилиш соҳасида кўрсатилди - 80 %. Бироқ мазкур тартиб Москва, Доғистон, Бурятия ва Амурский вилоятига жорий этилмади.
Шуни таъкидлаш жоизки, 2020 йилдан бошлаб меҳнат муҳожирлари ностационар савдо объектлари, жумладан, дорихоналарда, бозорларда, шунингдек, турли савдо чодирларида чакана савдо билан шуғуллана олишмайди. Ушбу соҳадаги хорижий ишчиларнинг улуши 0 фоизга тенг.