Россия империяси даврида Самарқанд (4-мақола)
Самарқанд аҳолиси турмушида рус судлари эмас, балки маҳаллий шариат судлари салмоқли ўрин тутган. Шу боис чор ҳукумати суди «халқ судлари» деб аталган. Маҳаллий ўтроқ аҳоли учун қози судлари ва кўчманчилар учун бий судлари қолдирилган.
Маҳаллий судлар бўлган «халқ судьялари» шариат қонунлари асосида маҳаллий ўтроқ ва кўчманчи аҳолининг фуқаролик ва жиноий ишларини кўришган. Лекин давлат аҳамиятига эга сиёсий ишлар уларнинг ваколат доирасига кирмаган. Халқ судьяларини сайлаш ҳам (волость бошқарувчисини сайлаш сингари) белгиланган тартибда ўтказилган.
Халқ судларида кўрилувчи ишлар доираси жуда кенг бўлиб, аҳолининг салкам 90 фоизи қозилик ва бийлик судларига мурожаат қилган. Лекин баъзида қозилик судларига мурожаат қилган фуқаролар улар чиқарган ҳукмдан қониқмай, ўз ишларини округ судларига оширган ҳолатлар ҳам бўлган.
Таъкидлаш жоизки, бу аппаратнинг амалда сайлаб қўйилиши ва чекланган тарздаги ўзини ўзи бошқариши кўп жиҳатдан сохта эди. Чунки улар ўзининг барча хатти-ҳаракатлари тўғрисида чор маъмурларига қатъий ҳисоб берган. Сайлов асосида ва халқ судьялари лавозимига номзодларнинг билим даражаси борасида маълум бир талабнинг мавжуд эмаслиги сайловлар атрофида олишув ва ихтилофларга кенг йўл очди. Амирлик даврида қозилик лавозимига кўплаб номзодлар орасидан энг лойиқлари танланган. Улардан шариат қонунлари ва одатлари бўйича имтиҳон олинган. Номзоднинг қобиллиги фуқаролар томонидан тан олинган бўлса, янги давр сайлов тизими бу талабларни сусайтирди. Чунки энди мустамлака маъмурияти номзодни танлаб, сайлов натижаларини тасдикдан ўтказган. Улар ҳар қандай сайловни бекор қилиши, ўзларига маъқул келмайдиган қозилар, бийлар ва шу кабилар ўз ихтиёри билан алмаштириш ҳуқуқидан кенг фойдаланган.
Ҳукумат доираларининг бундай сиёсати туфайли аксар ҳолларда халқ судьялигига шариат қонунлари у ёқда турсин, ҳатто оддий ҳуқуқни яхши билмайдиган одамлар сайланар, бунинг оқибатида мансабни суиистеъмол қилиш ва қонунни бузиш ҳоллари келиб чиқарди. Айниқса, жиноят турлари бўйича ҳам жазо чораларининг аниқ чегараси мавжуд эмаслиги судьяларга у ёки бу айбдор учун жазо чорасини танлашда кенг имконият берган.
Чоризм ўз ижтимоий таянчини кенгайтириш ва жойларда ўзига хос «кадрлар манбаи»ни яратиш мақсадида ташкил этилган бу институтларнинг ваколатларини кенгайтириб борди. Чор маъмурияти маҳаллий аҳоли вакилларини ўз бошқарув сиёсатларига аралаштиришни хоҳламаган. Шу боис уларга гўёки, қуйи маҳаллий бошқарувни берган ҳисобланиб, аммо асосий тизгин чор маъмурлари қўлида бўлган.
Маҳаллий амалдорларнинг ўз лавозимига тўғри келиши ёки тўғри келмаслиги масаласини ҳал қилишда чор маъмурлари уларнинг билим даражаларини эмас, балки сиёсат, ғоявий жиҳатдан ишончлилигини, яъни чор ҳукуматига мойиллигини, қарши эмаслигини, христианларга, уларнинг диний эътиқодига муносабати каби хислатларни инобатга олган. Умуман, чор маъмурларига билимли, мустақил фикрлайдиган, ўзига ишонган шахслар эмас, билим доираси тор, мустақил ишлай олмайдиган, чор маъмурлари айтганини бажарадиган кишилар керак эди. Шунингдек, маҳаллий кадрлар шахсий таркиби кўчар ва кўчмас мулк эгалари, катта заминдорлар, туб аҳолининг чор тартибига содиқ бўлган қисмидан олинган.
Шунингдек, амирлик даврида отадан фарзандга мерос бўлиб ўтадиган мансаблар (қози, мутавалли) ҳолати ҳам чоризм даврида деярли сақланди. Чунки чоризм манфаатларига хизмат қиладиган оилалар уларга айни муддао бўлган. Иккинчи томондан, қозига уламо ва бошқаларнинг бўйсуниши чор ҳукуматини қаноатлантирган.
Умуман чоризм мустаҳкам бошқарув сиёсатини ўрнатишда кадрлар масаласига ҳамда уларни танлашга алоҳида эътибор қаратган. Бу борада ҳатто бир қанча чора-тадбирлар ҳам ишлаб чиқилган. Халқ судлари ва волость мудирлари зиммасига «беш йил муддат ўтгандан кейин бутун хизмат ёзишмаларини рус тилида олиб бориш, ўн беш йил ўтгандан кейин эса бу лавозимларга рус тилини яхши эгаллаган шахсларнигина тайинлаш» вазифаларини қўйиш шулар жумласидан эди.
Шунингдек, маҳаллий кадрларни танлашда чоризм уларни турли соҳаларда (хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳаларида) яхши мутахассис бўлишини ва бу йўлда чоризмни қўллаб-қувватлаб фаолият юритиши мақсадида, уларни турли хил билим юртларига ўқишга киришга ҳам ундаб борди. Жумладан, шундай ундашлардан бири-маҳаллий аҳолининг «рус-тузем» мактабларини ва шаҳар билим юртларини тамомлаб келган болаларига фахрий фуқаролик ёки қишлоқ, овул оқсоқоллари лавозимларини эгаллаш, мўйаян хизматда синов муддатини ўтагандан кейин эса волость мудирлари ва катта оқсоқоллар лавозимларини эгаллаш ҳуқуқларини бериш» каби муҳим имтиёзлар орқали уларни бу соҳаларни эгаллашга жалб этган.
Шундай қилиб, Россия империяси Самарқандда ташкил этган сиёсий бошқарувдаги янги ташкилот ва кадрлар тизими империяча асосда бошқарилиб, уни янада мустаҳкамлаш учун фаолият олиб боришга йўналтирган эди. Бу сиёсий ниятни амалга оширишга бош бўлган раҳбарлар бошқарув аппаратининг шахсий таркибини ташкил этган. Мустамлака ҳокимияти тизимида етакчилик мавқеи ҳарбий ва ҳарбий бўлмаган амалдорларга тегишли эди.
Айниқса, манбаларга кўра, вилоятда маъмурий, суд ва полиция лавозимларида фаолият юритган аҳолининг 51 фоиздан ортиғи рус миллатига мансуб кишилар бўлиб, улар мустамлака аппаратининг асл ўзагини ташкил этган.
Бошқарув аппаратидаги рус амалдорларининг чуқур томир отиши ва Туркистонни тарк этмаслиги учун чор ҳукумати томонидан қулай шарт-шароитлар яратиб берилди. Ҳукумат фармойишига кўра, барча рус амалдорларига хизматнинг биринчи беш йили учун асосий маошнинг 20 фоизини, иккинчиси учун 40 фоизини, учинчиси учун 75 фоизини ташкил этувчи қўшилиб борувчи маош ҳам тайинланган эди.
Шу ўринда яна айтиш лозимки, чор ҳукумати ўлкада ўз бошқарувини мустаҳкамлаш борасида мустамлака тизимидаги рус амалдорларига ҳам бир қанча талаблар қўйган. Бу борада Самарқанд вилояти ҳарбий губернаторининг қарори ҳам фикримизни тасдиқлайди. Қарорда маъмурий полиция бошқарувидаги амалдорлар маҳаллий тилни билиши зарурлиги тўғрисида уқтирилади. Жумладан, маҳаллий тилни биладиганлар сони камайиб кетганлиги ва маҳаллий тилни билишга ҳам интилиш зарурлиги, чунки бу маҳаллий аҳоли ўртасида чор ҳукумати манфаатларини қарор топтиришга хизмат қилиши таъкидланади. Дарҳақиқат, бундан чор ҳукуматининг асосий кўзлаган мақсади, маҳаллий аҳоли кайфиятидан хабардор бўлиш, уларнинг мустамлака сиёсатига муносабати, аҳоли ўртасида чор империяси сиёсатини тушунтириш, тарғибот ишларини олиб бориш кабилардан иборат эди. Шундай қилиб, қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
1. Самарқанд вилояти чор Россияси таркибига киритилгач, вилоятда умумимперия русча идора шаклидаги янги бошқарув тизими ўрнатилди.
2. Мустамлакачилик бошқарув сиёсатининг амалга оширилиб борилиши натижасида аҳоли ўртасида ижтимоий табақаланиш жараёни кучайди. Бу аввало, бошқарув тизимининг такомиллаштирилиши, Россиянинг марказий губерня ва бошқа ҳудудларидан аҳолининг кўчириб келтирилиши туфайли вилоят аҳолисининг ижтимоий таркиби доираси кенгайди ва аҳоли сонининг ўсишига олиб келди.
3. Бошқарув вилоят, уезд (туман), волость, участка (жабҳа), шаҳар ва қишлоқ бошқаруви шаклида ташкил топди.
4. Маҳаллий бошқарув тизими (вилоят ва унинг уезд, шаҳарлари) кадрлари асосан чор амалдорларидан ташкил топган бўлиб, улар ўзларига берилган ҳуқуқ ва имтиёзлардан кенг фойдаланганлар. Бошқарувнинг қуйи бўғинига маҳаллий аҳоли вакиллари биркитилган. Лекин уларнинг фаолияти асосан чор маъмурияти измида бўлган.
5. Бошқарувдаги ташкилотларининг юқори бўғинидан тортиб қуйи бўғинига қадар фаолият олиб борган амалдорлар орасида мансабни суиистеъмол қилиш, таъмагирлик, порахўрлик, зўравонлик каби ҳолатлар кенг тус олган бўлиб, бу чор империясининг Самарқандда мустамлакачилик манфаатларини юргизиши учун кенг имконият яратди.
Шокир ҒАФФОРОВ,
тарих фанлари доктори, профессор.