Россия-НАТО муносабатлари кескинлашгани сабабли Швеция мудофаани кучайтирмоқда
Швеция Россия ва НАТО ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви туфайли Готланд оролида патрул хизматини кучайтирмоқда. Ўтган куни кечқурун мамлакат Қуролли кучлари оролга махсус бўлинма жойлаштирди.
Эндиликда маъмурий марказ – Висбю шаҳри кўчаларида армиянинг кучайтирилган бўлинмалари ва зирҳли транспортёрларда ҳарбий хизматчилар патруллик қилмоқда. Умуман олганда, кўчаларда ўнлаб зирҳли техника ва ўнлаб аскарларни кўриш мумкин.
Россиянинг Калининград шаҳридан 330 километр узоқликда жойлашган Готланд ороли стратегик аҳамиятга эга. 2019 йилда Швеция бу ерда янгиланган «ер-ҳаво» ракетага қарши мудофаа тизимини жойлаштирган эди.
Швеция қўшинларининг ташланиши Украина давлат сайтларига хакерлар ҳужуми содир бўлган пайтга тўғри келди. Ҳаммаси бўлиб 70 га яқин интернет-ресурслар, жумладан, Украина Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Таълим ва фан вазирлиги сайтига зарар етказилган. Киев Россияни киберҳужумда гумон қилмоқда.
"Биз уларнинг изларини аниқ кўриб турибмиз. Бунинг ортида россиялик мутахассислар турибди... Мен бунга 99 фоиз аминман", - дейди Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов.
10-13 январь кунлари Россия ва АҚШ, НАТО ҳамда Европа Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташклоти ўртасида хавфсизлик кафолатлари бўйича уч раундли музокаралар бўлиб ўтган бўлса-да, муайян келишувларга эришилмади.
Москва ва Вашингтон кўплаб масалаларда деярли ҳал қилиб бўлмас келишмовчиликларга дуч келмоқда. Кремль Украина ҳеч қачон НАТОга қўшилмаслигига кафолат беришни талаб қилмоқда. Агар АҚШ ва унинг иттифоқчилари бу талабни бажармаса, Россия президенти Владимир Путин Москва айрим “ҳарбий-техник чоралар” кўриши ҳақида огоҳлантирди.