Россия соғлиқни сақлаш вазири Самарқанд болалар хирургия марказига келди
Хабар қилганимиздек, 3-4 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон-Россия тиббиёт форуми бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ва Россия соғлиқни сақлаш вазирлари Амрилло Иноятов ва Михаил Мурашко, шунингдек, икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари, сиёсатчилар, соҳа мутахассислари ва академиклари иштирок этиб, соғлиқни сақлашнинг муҳим масалаларини муҳокама қилди. Илғор тажрибалар алмашди, ҳамкорликдаги лойиҳалар имкониятларини ўрганди.
Форум доирасида Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко Самарқанд болалар хирургия марказига ташриф буюрди. Ташриф давомида бемор болаларга яратилган малакали тиббий ёрдам бериш борасидаги шарт-шароитлар билан танишиб, болалар саломатлигини сақлаш бўйича фикр ва таклифларини билдирди.
- Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида, айниқса, болалар саломатлигини сақлаш бўйича қилинаётган ишларга ҳавасимиз ортди, – деди М.Мурашко. – Буни мазкур марказда яратилган шароит, замонавий тиббий ускуналардан фойдаланилаётгани, шифокорларнинг юқори профессионаллигида кўриш мумкин. Россиялик шифокорлар самарқандлик тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда ишлаш, ўзаро тажриба алмашишга ҳамиша тайёр.
Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош болалар хирурги, Вельтищев номидаги педиатрия ва болалар хирургияси клиник илмий текшириш институти директори Дмитрий Морозов марказда даволанаётган беморларни тиббий кўрикдан ўтказди, самарқандлик ҳамкасблари билан суҳбатлашиб, зарур маслаҳат ва тавсиялар берди. Болалар хирургияси соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, икки кунлик форум доирасида соғлиқни сақлаш соҳасида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.