Россияда ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига 2020 йил 15 декабргача имтиёзлар берилади
Россия ва Ўзбекистон ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида бир қатор масалалар юзасидан музокаралар ўтказиш ва аниқ келишувларга эришиш мақсадида Ўзбекистон Бош вазири маслаҳатчиси М.Хайриддинов бошчилигидаги делегациянинг ташрифи доирасида Россия ички ишлар вазири биринчи ўринбосари, полиция генерал-полковниги A.Горов билан учрашуви бўлиб ўтди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабарига кўра, учрашувда Россия Федерацияси ҳудудидаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг ҳолати, хусусан, Россия президентининг 2020 йил 18 апрелдаги “Россия Федерациясидаги хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолатини янги коронавирус инфекцияси кенг тарқалиши хавфи муносабати билан тартибга солиш бўйича вақтинчалик чора-тадбирлар тўғрисида”ги 274-сонли фармонига алоҳида урғу берилди.
Россия томонининг маълум қилишича, ушбу фармонга мувофиқ, Россия ҳудудида нолегал бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари рўйхатдан ўтиш ва рухсат берувчи бошқа ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугашидан (15 мартгача ёки ундан кейин) қатъи назар яшаш манзили бўйича Россия Федерацияси ИИВ органларига мурожаат қилиб, 2020 йилнинг 15 декабрига қадар мамлакатда бўлишни қонунийлаштириши мумкин.
Фуқароларга нисбатан маъмурий чиқариб юбориш, депортация қилиш, илгари берилган вақтинчалик яшаш учун рухсатнома, яшаш учун рухсатнома, ишлаш учун рухсатнома ва патентни бекор қилиш, шунингдек, Россияга киришни тақиқлаш каби чоралар қўлланилмайди.
Шу муносабат билан Россия ҳудудида нолегал ҳолатда бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини берилган ҳуқуқлардан фойдаланиб, мамлакатда бўлишини қонунийлаштиришга чақирамиз, дейилади агентлик хабарида.