Россияда палов фестивали ўтказилди
Кеча Россиянинг Пенза шаҳрида "Палов саммити" номи билан палов фестивали ўтказилди.
Фестивал Пенза шаҳрида "Россия куни" ва "Пенза шаҳри куни" байрамлари муносабати билан шаҳар боғларидан бирида бўлиб ўтди.
Бу фестивал ташкилотчиси Пенза вилоятида расмий фаолият юритаётган "Ўзбек жамоати" жамоатчилик ташкилоти бўлди.
Палов фестивалида ўн нафардан ошиқ ошпазлар қатнашишди ва Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига хос бўлган паловларни тайёрлашди.
Палов масаллиқларининг аксариятини буюртма билан Ўзбекистондан олиб келишди.
Ошпазлар паловларни катта қозонларда пиширишди.
Тайёр бўлган палов фестивалига ташриф буюрган меҳмонларга порцияси 100 рублдан сотилди. Тушган пулни хайрия учун ишлатилиши ва у пуллар яқинда ЙТҲ туфайли жароҳат олиб даволанаётган 4 ёшли боланинг даволаниши учун берилиши эълон қилинди.
Фестивалда тайёрланган ош пуллик бўлса ҳам ҳар бир ошпаз олдида навбатлар юзага келди ва кўпчилик пензаликлар ошдан татиб кўриш учун фестивалга ташриф буюрдилар.
Фестивал ўтказилаётган боғ ҳақиқий ўзбекона кўринишда бўлди ва бу ерда миллий чолғу асбоблари воситасида ўзбек миллий қўшиқлари ҳам жонли янграб турди.
"Биз ушбу палов фестивалини 7 йилдан бери тўхтовсиз ўтказиб келмоқдамиз. Тадбиримизни ўтказишга Пенза шаҳридаги турли корхоналар ҳам баҳоли қудрат ёрдам бериб келишаяпти" дейди Пенза вилояти "Ўзбеклар жамоаси" жамоатчилик ташкилоти раҳбари Сотимбой Бердиев.