Россияни газлаштириш учун зарур маблағ ҳозиргача топилган эмас
Ҳудудларни газ билан таъминлаш дастурини ишлаб чиқаётган мансабдорлар учун молиялаштириш манбаларини топиш асосий муаммолигича қолмоқда. Бу ҳақда "Известия" маълум қилади.
Аввалроқ Россия энергетика вазирлиги мамлакатни газлаштириш бўйича ижтимоий концепция ишлаб чиққанлигини эълон қилган эди. Унинг доирасида аҳолини газ тармоқларига улаш муддатини икки баравар қисқартириш, шунингдек, одамларни уланиш тўловларидан имкон қадар озод қилиш режалаштирилган. Маҳкама “Газпром” асосида ҳар бир субъектда газлаштиришнинг ягона операторини жорий этишни таклиф қилди. Президент Владимир Путиннинг май ойида берган топшириғига биноан дастур 2021 йил 1 январгача тақдим этилиши керак.
Уни амалга ошириш учун зарур бўлган тахминан 1 триллион рубль эса ҳануз топилганича йўқ. Энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, ушбу сумма зарур бўлган умумий маблағнинг ярмига тўғри келади, холос. Маълумотларга кўра, молиялаштиришнинг турли вариантлари кўриб чиқилмоқда. "Газпром" маблағларидан ташқари, газ тақсимлагич тармоқлараро газ транспортирокаси тарифи учун устама ва муддатсиз облигацияларни чиқариш қўшимча манба сифатида кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, газга акциз солиғи киритиш ва улгуржи нархларни тезкор индексациялашни жорий этиш таклиф этилди. Аммо бу фикрлар маъқулланмади. Бу энергия нархининг ошишига олиб келиши мумкин, деб ҳисоблашади энергия манбалари ишлаб чиқарувчи компаниялар. Россияни газлаштириш лойиҳасининг муҳокамаси бугун, 26 ноябрь куни ҳукумат йиғилишида бўлиб ўтади.
Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.