Рубль "қуламоқда". Россия-Украина томонлари музокара бошлайди

Россия рубли ўз ўрнини йўқотмоқда: бугун эрталаб олинган маълумотларга кўра, долларга нисбатан у рекорд даражада пастга тушди.
Кузатувчиларнинг таъкидлашича, бу бозорнинг беқарорлик ва ҳали тўлиқ қўлланилмаган санкцияларга нисбатан муносабатидир. Бугун, 28 февраль куни эрталаб 1 доллар 108 рубль, 1 евро 121,5 дан ошди.
Москва биржасида эрталабки савдолар бекор қилинди. Аввалроқ Россия Марказий банки брокерларга буюртма бекор қилинмагунча биржа ва биржадан ташқари бозорларда қисқа муддатли савдоларни амалга оширишни вақтинча тақиқлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин Россия Федерацияси молия институтларига жиддий чекловлар қўйилди – айрим тузилмалар SWIFT тизимидан узилган, Марказий банкнинг Ғарб мамлакатларидаги активлари музлатилган.
Россиянинг энг йирик банклари, жумладан, «Сбербанк» ўз мижозларини янги санкциялар россияликларнинг ҳисобларидаги маблағлар хавфсизлигига таъсир қилмаслигига ишонтирмоқда.

Бугун Россия-Украина музокаралари Беларуснинг Гомель вилоятида соат 14:00 да (Тошкент вақти билан) бошланиши кутилмоқда.
Украина делегацияси таркибига қуйидагилар киради:
- Мудофаа вазири - Резников;
- Ташқи ишлар вазири ўринбосари - Точицкий;
- Президент девони раҳбари маслаҳатчиси - Подоляк;
- «Халқ хизматчиси» фракцияси раҳбари - Арахамия;
- Депутат - Умеров;
- уч томонлама алоқа гуруҳидан Украина делегацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Костин.