Рус миллий маданият маркази - 25 ёшда
Мамлакатимизда рус миллий маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Сана муносабати билан пойтахтимизда ўтказилган “"Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни асраш, рус тили ва маданиятини ривожлантириш, ватандошлар ҳақидаги тарихий хотирани асрашда Ўзбекистон рус миллий маданият марказининг роли” мавзуидаги илмий-амалий анжуман қатнашчилари 20 апрель куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.
Република Рус миллий маданият маркази раҳбарлари, Россия ватандошлари бутунжаҳон мувофиқлаштириш кенгаши аъзолари, Россия, Хитой, Молдова, Озарбайжон, Грузия ва бошқа давлатлардан келган меҳмонлар Самарқанд темир йўл вокзалида вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов бошчилигида кенг жамоатчилик томонидан тантанали кутиб олинди.
Самарқанд шаҳар ҳокимлигида ўтказилган тадбирда шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов меҳмонларни табриклаб, юртимизда турли миллат ва элатлар қатори руслар ҳам аҳил-иноқ, ҳамжиҳатликда яшаб келаётганини таъкидлади. Бу борада рус миллий маданият маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилди.
– Жонажон Ўзбекистонимизда яратилган шароит ва имкониятлар марказимиз ишини рисоладагидек йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда, – дейди Ўзбекистон рус миллий маданият маркази раиси Сергей Миронов. – Марказ томонидан ташкил этилаётган турли маданий-маърифий тадбирлар ёш авлод қалбида ватанпарварлик, миллатлараро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват ғояларини қарор топтиришга хизмат қилмоқда.
Меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойларни томоша қилди.
З.Балтаева.