Сall center: (66) 233 08 41 рақами туну кун фаолият юритмоқда
Самарқанд давлат тиббиёт институтида коронавируснинг олдини олиш бўйича вилоят аҳолисига тиббий маслаҳат берувчи Сall center фаолият бошлаганига бир ойдан ошди. Марказ фаолларининг айтишларича, жорий йилнинг 20 апрелидан буён мингдан зиёд қўнғироқларни қабул қилган.
- Марказга ҳар куни ўртача 30-40 га яқин қўнғироқ бўлади, - дейди Сall center вакили Алишер Аҳмедов. – Қўнғироқлар турли йўналишда, ҳатто баъзида «Тез ёрдам» хизматига тушолмаганлар ҳам ушбу марказга қўнғироқ қилиб, ёрдам сўрайди. Кези келганда институтимиз қошидаги клиника билан ҳамкорликда беморларни шифохонага олиб боришга ҳам тўғри келди.
Аслида марказни ташкил этишдан мақсад аҳолига тиббий масалалар бўйича тавсиялар бериш, мурожаатчиларни тўғри йўналтириш, қўнғироқ қилувчининг мурожаатига қараб зарур тиббиёт муассасалар билан боғланиш ва тиббий ёрдамга муҳтож кишилар ўртасида координацияни ташкил қилишдан иборат. Аҳоли кўпроқ коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар бўйича савол йўлламоқда. Коронавирусга тестни қаерда топширса бўлади, коронавирус белгилари нималарда кўринади, беморни шифохонага олиб боришда қандай йўл тутишимиз керак, деган саволлар айниқса, кўп. Шунингдек, жавоб бериш бизнинг ваколатимизга кирмайдиган саволлар ҳам тушмоқда. Марказда ўн нафарга яқин кўнгиллилар кечаю кундуз навбатчилик асосида ишлайди. Айтиш керакки, бу ерда меҳнат қилаётган барча кўнгиллилар ўз ихтиёрлари билан фаолият олиб бориб, уларга маош тўланмайди.
Ушбу амалиёт кўнгилли талабаларга нима бераётганига оид саволлар билан мурожаат қилдик.
- Келгусида беморни даволаш билан боғлиқ жараёнга ушбу амалиётнинг фойдаси тегмас, аммо одамлар билан мулоқот қилиш, турли йўналишдаги мурожаатларга жавоб бериш кишига масъулият юклайди, - дейди СамДТИ талабаси Мунис Эркинов. – Аслида одамлар билан мулоқот қила билиш тажрибаси ҳам шифокор учун аҳамиятли. Кимгадир ёрдаминг тегаётганини ҳис қилиш ҳам кишига ўзгача бир кайфият бағишлайди. Гарчи, ҳали иш фаолиятимни бошламаган бўлсам-да, бу ҳисни туйиш касбимга нисбатан янада ҳурматни оширади.
Дарвоқе, Сall centerнинг (66 ) 233 08 41 рақамли телефони узлуксиз ишлаб турибди. Тиббий соҳада саволларингиз бўлса, марҳамат, кўнгилли талабалар, уларнинг устозлари хизматингизга шай.
Гулруҳ МЎМИНОВА.