Самарқанддаги Call-center ва "Онлайн поликлиника" 24 соат давомида ишлайди

Самарқанд давлат тиббиёт институтида ташкил этилган Сall-center‘да 10 нафар ташаббускор ёшлардан иборат волонтёрлар гуруҳи ҳамда 5 нафар ёш профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатиб келмоқда.

Сall-center ташкил этилгандан буён аҳоли томонидан 5000 дан ортиқ тиббиётга оид мурожаатлар келиб тушди.

Бундан ташқари, ўтган вақт давомида институтнинг 1-клиникаси ҳудудида “Онлайн поликлиника” ташкил этилди.

“Онлайн поликлиника” пандемия шароитида «Уйда қолинг!» шиори остида аҳолига масофадан туриб керакли маслаҳатларини, тавсияларини ҳамда мутахассисларга йўналтириш орқали сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда.

— Мазкур поликлиникада тиббий хизматни фақатгина умумий амалиёт шифокорлари эмас, балки кардиолог, невропотолог, эндокринолог, лор, акушер-гинеколог каби малакали профессор-ўқитувчилардан иборат мутахассислар гуруҳи ҳам жалб қилинган, — дейди онлайн поликлиника мудираси Шоира Ҳусинова. — «Онлайн поликлиника» аҳолига беминнат тиббий хизмат кўрсатмоқда. Ҳозиргача мутахассисларга 3400 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган ва уларга ўз вақтида малакали шифокорлар томонидан керакли чора-тадбирлар кўрсатилган.

Айни вақтда онлайн поликлиника хизматидан хорижда бўлиб турган ёрдамга муҳтож юртдошларимиз ҳам фойдаланмоқда.

СамДТИ кўнгилли ёшлари ва ёш ўқитувчилари фаолият юритадиган Call-center ва “Онлайн поликлиника” 1105 қисқа телефон рақами орқали 24 соат давомида мурожаатларни қабул қилади.

СамДТИ матбуот хизмати.