Call-center орқали божхонага 80 га яқин мурожаат келиб тушди

Коронавирус пандемияси таъсирида юзага келган глобал иқтисодий инқироз шароитида экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда юзага келаётган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш, тадбиркорларни янада қўллаб-қувватлаш ҳамда хориждан келаётган ва хорижга жўнатилаётган юклар йўлда тўхтаб қолган пайтда амалий ёрдам кўрсатиш учун Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан Call-center ташкил этилган эди.

Ушбу Call-center‘га бириктирилган масъул божхона ходимларининг 24 соат давомида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг мурожаатларини қабул қилиб олишлари йўлга қўйилган.

Агар мурожаатларни таҳлил қиладиган бўлсак, Call-center орқали тадбиркорлардан шу кунга қадар 80 га яқин мурожаатлар келиб тушди.

Шундан, ташқи логистика масалалари бўйича 77 та мурожат келиб тушиб, унда вилоят ҳудудидаги корхона ва ташкилотларнинг номига товарлар юкланган автотранспорт воситалари қўшни Туркманистон, Қозоғистон, Афғонистон, Туркия, Азарбойжон ва Эрон давлатлари ҳудудида туриб қолганлигини маълум қилиб, амалий ёрдам сўраб мурожаат этган.

Ушбу мурожаатларнинг 69 таси ижобий ҳал қилиниб, автотранспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган.

Қўшни давлатлар ҳудудида қолиб кетиб, мамлакатимизга киролмаётган автотранспорт воситалари билан боғлиқ масалаларни халқаро алоқалар йўли билан, яъни Ташқи ишлар вазирлиги орқали ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти мутахассислар томонидан қисқа фурсатларда бартараф этилмоқда.

Бундан ташқари, тадбиркорлар ва жисмоний шахсларнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этиш мақсадида вилоят божхона бошқармасида 24 соат давомида (66) 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” узлуксиз ишлаб турибди. Божхона соҳаси билан боғлиқ ҳар қандай мурожаатлар қабул қилинади ҳамда мурожаатлар ўз ечимини топади.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.