Самарқанд вилояти “103” хизматига бир кунда 3800 дан зиёд чақириқ келиб тушмоқда
Бутун дунёда бўлганидек мамлакатимизда ҳам коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемик вазият жуда тез ўзгармоқда. Айниқса, кейинги кунларда Самарқандда ҳам касалланишлар сони сезиларли даражада ортгани, хусусан, “COVID-19”га чалинган беморлар кундан-кунга кўпайиб бораётгани барчамизда жиддий ташвиш уйғотмоқда.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг топшириғига асосан “103” хизматининг айни кундаги фаолияти, чақирувлар сони ва аҳолининг коронавирус билан касалланиш ҳолати юзасидан маълумот олиш мақсадида Самарқанд шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси қошида ташкил этилган CALL-марказида бўлдик.
Сир эмас, кейинги йилларда “тез тиббий ёрдам” бригадалари дислокацияси қайта кўрилиб, аҳоли яшаш пунктларига яқинлаштирилди. Вилоятда тез тиббий ёрдам машиналари 135 тадан 310 тага кўпайтирилди. Натижада, ўтган тўрт йил давомида хизмат кўрсатиш радиуси 15-20 километрдан 9-12 километрга қисқарди. Шу билан бирга, “тез тиббий ёрдам”нинг кечикиши 10-12 фоиздан 1-2 фоизгача камайди. Яъни, 2016 йилда чақириқларга етиб бориш вақти ўртача 25-30 дақиқа бўлган бўлса, ҳозирда 8-12 дақиқани ташкил қилмоқда. Бу эса кечиктириб бўлмайдиган вазиятларда кўплаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш имконини бермоқда.
Бундан ташқари, бугунги кунда вилоятда ташкил этилган CALL-марказида жами 21 нафар диспетчер ва 3 нафар маслаҳатчи врачлар томонидан 24 соат давомида чақириқлар қабул қилиниб, мурожаат қилган фуқароларга керакли тиббий маслаҳатлар берилмоқда.
Бироқ, охирги ҳафтада бир кунлик чақириқлар сони одатдаги чақириқларга нисбатан 1500-1600 тага ошди. Бу ўз навбатида тез тиббий ёрдам бригадаларини чақириқ манзилига ўз вақтида етиб боришидаги кечикишларга сабаб бўлмоқда. Шу боис, айрим фуқароларимиз томонидан қайта-қайта қўнғироқ қилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бу эса мутахассислар иш унумдорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда ва чалкашликлар келтириб чиқармоқда.
Айтиш керакки, тез тиббий ёрдамга қилинган ҳар бир мурожаат эътиборсиз қолмайди. Бироз кечикишлар бўлишига қарамай Сизнинг мурожаатингиз рўйхатга олинган вақтдан бошлаб назоратда эканлигини унутманг!
Рақамларга мурожаат қилсак: жорий йил бошидан 5 июль ҳолатига кўра, вилоят тез тиббий ёрдам хизматига келиб тушган чақириқлар сони ўртача кунига 2400-2600 ташкил этган бўлса, бу кўрсатгич охирги бир ҳафтада ўртача кунига 3700-3900 тага етди. Шундан 800 га яқини коронавирус инфекцияси ҳамда бошқа юқумли касалликларга гумон қилинган беморларга ёрдам сўраб ташкил этилмоқда.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.