Самарадаги юртдошларимизни олиб келишга дастлабки автобус карвони йўлга чиқди

Республика махсус комиссияси, Транспорт вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, ДХХ Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Қозоғистон ва Россиядаги дипломатик ваколатхоналарининг саъйи-ҳаракатлари билан Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган Россия Федерациясининг Қозоғистон билан чегара олди ҳудуди Самара вилоятида тўпланиб қолган фуқароларни ватанга олиб келиш мақсадида махсус автобус қатнови ташкил этилмоқда.

Мазкур автобус қатновлари Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Uzautotrans service” корхонаси томонидан амалга оширилади. Бугун 15 та автобусдан иборат илк карвон Россиянинг Самара вилоятига йўлга чиқди.

Қатновни бажаришга жалб этилган 40 нафар ҳайдовчиларнинг барчаси йўлга чиқишдан аввал коронавирусга тест топширишди.

Режага мувофиқ автобуслар 25 сентябрь куни белгиланган манзилга етиб боришади. Шу куннинг ўзида автобуслар 700 дан ортиқ йўловчиларни олиб Ўзбекистон томон йўлга чиқади.