Самарадорлиги юқори бўлган солиқ инспектори мукофот пули олади
Давлатимиз раҳбари томонидан солиқ органлари ходимлари олдида қўйилган аниқ вазифалардан келиб чиқиб, бугунги кунда жойларда солиқ хизмати ходимлари “маҳаллабай” тизимида фаолият юритмоқда.
Оқдарё туманида 35 та маҳалла фуқаролар йиғинига 17 нафар солиқ инспектори бириктирилган. Улар маҳалладаги имкониятларни ишга солиб, солиқ базасини кенгайтириш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганларни аниқлаб, уларни расмий даромад топишга ўтказиш чораларини кўряпти.
– Менга Мустақиллик ва Ўзбекистон маҳаллалари бириктирилган, – дейди Шаҳбоз Эргашев. – Ҳудудимда 111 нафар юридик шахс, 15 та фермер хўжалиги, 194 та якка тартибдаги тадбиркор, 1536 нафар ўзини ўзи банд қилган шахс фаолият юритади. 2726 нафар мол-мулк солиғи, 2393 нафар ер солиғи тўловчилар рўйхатдан ўтган. 213 нафар декларация тўловчилар мавжуд. Февраль ойида барча йўналишларда иш самарадорлигим юқори деб топилди. Бунинг натижасида лавозим маошимнинг 100 фоизи миқдорида пул мукофоти берилди.
Маълумотларга кўра, Ш.Эргашевга бириктирилган маҳаллаларда январь ойида 11 та якка тартибдаги тадбиркор, 3 та юридик корхона, февраль ойида эса 9 та ЯТТ ва 4 та юридик корхона фаолият бошлаган. Шунингдек 3 та ЯТТ ва битта юридик корхона фаолияти тикланди.
Март ойида ҳам ҳудуддаги тадбиркорларнинг солиқ мажбуриятини оширишга кўмаклашган ҳолда товар айланмаси 1 миллиард 652 миллион сўмга, белгиланган режага нисбатан 147 фоизга бажарилди.
Ҳудудда ўтказилган хатлов натижасида 14 нафар ишчи ўрни легаллаштирилди, янги ташкил этилган юридик шахслар ҳисобига 10 та янги иш ўрни яратилди. 6 нафар ўзини ўзи банд этган фуқароларнинг тадбиркорлик фаолияти кенгайиши сабабли якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди.
“Маҳаллаларда солиқ органлари фаолияти” ахборот тизими маълумотларига асосан жорий йилнинг февраль ойида Самарқанд вилоятидаги иш самарадорлиги юқори деб топилган маҳаллаларга бириктирилган солиқ инспекторларининг 50 нафарига лавозим маошининг 50 фоизи ҳамда 31 нафарига лавозим маошининг 100 фоизи миқдорида пул мукофоти берилди.