Самарқанд аэропортида самолётлар учиб-қўниши учун чеклов соат 13:00 гача узайтирилди
Бугун, 5 декабрь куни маҳаллий вақт билан эрталаб соат 4:20 дан об-ҳаво шароити ёмонлашгани сабабли Самарқанд халқаро аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилиш ва жўнатиш вақтинчалик чеклов жорий этилди.
Сўнгги маълумотларга кўра, кўриниш 1000 м.гача, қор, ҳаво ҳарорати -5, ишқаланиш коэффициенти 0,28.
Шу сабабли, «Аэрофлот»нинг Москва-Самарқанд йўналиши бўйича SU-1874 рейси ва Истанбул-Самарқанд йўналиши бўйича Турк Ҳаво Йўлларининг TK-372 рейси Тошкентдаги муқобил аэропортга йўналтирилди.
Fly Dubai авиакомпаниясининг рейси об-ҳаво ёмонлашгунга қадар — маҳаллий вақт билан 03:07 да Самарқанд аэропортига қўнишга муваффақ бўлди. Бироқ самолётнинг етиб келиши кечикканлиги сабабли Самарқанддан учиш вақти соат 16:15 га кечиктирилди.
Ҳозирда аэропортнинг ерда хизмат кўрсатиш ходимлари барча зарур чораларни кўрмоқда – бир неча соат давомида учиш-қўниш йўлаги ва юриш йўлакларини махсус техника ва кимёвий воситалар ёрдамида тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш бўйича чекловларни маҳаллий вақт билан соат 13:00 гача узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди.