Самарқанд биринчи тоифада, Қўшработ – бешинчи
Давлатимиз раҳбари яқинда Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида бундан буён ҳудудлар тадбиркорликни ривожлантиришда мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб беш тоифага бўлиниши ва шу асосида уларнинг иқтисодий ривожланишини белгилаш тартиби жорий этилиши ҳақида сўз юритганди.
Вилоят ҳокимлигининг маълумотига кўра, дастлабки тарзда вилоятдаги 16 туман ва шаҳар қуйидаги тоифаларга бўлинди:
1-тоифа (Тадбиркорлик учун ҳар томонлама ривожланган ҳудуд) – Самарқанд шаҳри;
2-тоифа (Инфратузилмаси яхши бўлган ҳудуд) - Жомбой, Самарқанд ва Тойлоқ туманлари;
3-тоифа (Шароити нисбатан қониқарли бўлган ҳудуд) – Каттақўрғон шаҳри, Булунғур, Иштихон, Нарпай, Оқдарё, Паст Дарғом ва Ургут туманлари;
4-тоифа (Жозибадорлиги етарли бўлмаган ҳудуд) - Каттақўрғон, Нуробод, Пахтачи ва Пайариқ туманлари;
5-тоифа (Шароити оғир бўлган ҳудуд) - Қўшработ тумани.
Қайд этилишича, ҳудудларнинг тоифаларга бўлинишида экспертларнинг фикрлари ҳамда иқтисодий кўрсаткичлар, соҳалар ривожланишида вилоятдаги улуши ҳамда аҳоли жон бошига иқтисодий кўрсаткичлар тўғри келиши таҳлиллари эътиборга олинган.
Мурожаатномада тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб ажратилиши, улар учун солиқ ставкалари ҳар хил бўлиши ҳам таъкидланган.
Жумладан, бешинчи тоифага кирувчи, шароити энг оғир бўлган туман учун айланмадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз миқдорида белгиланиши, тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиқлари бўйича ҳисобланган сумманинг атиги 1 фоизини тўлаши, якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий ставкадаги солиқларни тўлашдан озод этилиши кўзда тутилган.