Самарқанд божхоначилари томонидан амалга оширилган экспорт-импорт операцияларининг ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 220,7 миллион долларга етди

Коронавирус пандемияси даврида божхона органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштируви жараёнида имтёзлар ва бир қатор қулайликлар берилди. Жумладан, экспорт-импорт операциялари тезкорлик билан соддалаштирилди.

Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан амалга оширилган экспорт-импорт операцияларининг ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 220,7 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Ташқи савдо айланмасида энг юқори улуш Хитой, Россия, Туркия ва Япония давлатлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Товарларни хорижга экспорт қилиш борасида сезиларли ўзгаришлар кузатилди.

Вилоятда 591 та корхона томонидан 277,3 миллион АҚШ доллари қийматига эга товарлар экспорт қилинди.

Жумладан:

- мева-сабзавот маҳсулотлари — 111,4 миллион доллар;

- тўқимачилик маҳсулотлари — 64,9 миллион доллар;

- озиқ-овқат маҳсулотлари — 20,5 миллион доллар;

- калава ип — 17,0 миллион доллар;

- транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари — 17,0 миллион доллар;

- бошқа маҳсулотлар — 26,5 миллион долларлик экспортга расмийлаштирилди.

Вилоятга 71 та давлатдан умумий қиймати 943,4 миллион АҚШ долларига тенг товарлар импорт қилинган. Импорт қилинган маҳсулотлар орасида эса энг катта улуш технологик асбоб-ускуналар, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари, металл ва ундан тайёрланган буюмлар, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига нафақат экспортда, балки товарларни импорт қилишда ҳам божхона соҳасида бир қатор имтиёзлар назарда тутилган.

Ўтган давр мобайнида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона расмийлаштирувида жами 1 триллион 546,2 миллиард сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар берилган.

Бундан ташқари, пандемия шароитида тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятда фаолият юритиб келаётган 85 нафар тадбиркорлик субъектларига 225,9 миллиард сўм миқдоридаги божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти яратилди. Импорт қилинган товарлардан 1 триллион 052 миллиард сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилган.

Бугунги кунда божхона соҳасида қўлланилаётган 56 та ахборот тизими ва 28 та интерактив хизмат мавжуд. Божхона органларида “Хавфни бошқариш” тизимининг жорий этилиши натижасида бугунги кунда қонунга риоя қиладиган тадбиркорларнинг экспорт ва импортга йўналтирилаётган маҳсулотлари тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини хавф даражасига қараб тоифаларга ажратилиши натижасида божхона кўриклари сони 1,4 баробарга камайиб, самарадорлиги 1,5 баробарга ошди.

Божхона расмийлаштируви вақти экспортда 1,7 баробарга, импортда 1,4 баробарга қисқарди. Ҳозирги кунда 70 фоизга яқин товарлар соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда. 

Масалан, божхона юк декларацияларини автоматик рўйхатга олиш ва автоматик тақсимлаш жорий этилди. Ушбу жараёнга илгари 2-3 соат вақт кетган бўлса, ҳозир 1-2 дақиқа сарфланмоқда. Асосийси, бу коррупция ҳолатларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Соҳадаги яна бир янгиликлардан бири “Хавфларни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизими автомобиль чегара божхона постларида 2020 йил 1 ноябрдан ишга туширилди.

Чегара божхона постларида хавфларни бошқариш тизимининг жорий этилиши, юкларнинг қисқа фурсатларда ортиқча текширувларсиз ҳаракатланишига ва тадбиркорларнинг вақтини ва маблағининг тежалишига хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят божхоначилари томонидан “яширин иқтисодиёт”га қарши курашиш бўйича олиб борилган тадбирлар давомида 478 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари фош этилиб, натижада 4 миллиард 314 миллион сўмлик товарлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатлари бўйича жами 6 миллиард 395,2 миллион сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланиб, ундиришга қаратилди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан 24 та жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов органларига юборилган бўлса, 433 таси бўйича ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий ишлар юритилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда 16 та божхона қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 168 миллион сўмлик 505 минг дона пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмаси тўхтатиб қолинган.

2021 йилдан бошлаб божхона соҳасида бир қатор янгиликлар жорий этилмоқда.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги 814-сон қарорига кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали автомобиль ва темир йўл ўтказиш пунктларида “яшил” ва “қизил” икки йўлакли тизим кучга киради.

Бу эса автомобиль ва темир йўл чегара божхона постлари орқали фуқароларни тезкорлик билан божхона тартиб-таомилларидан ўтказиш имкониятини беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги “Божхона йиғимлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 700-сон қарорига кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

- божхона йиғимлари ставкалари қатъий белгиланиб, базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқади;

- рухсат этувчи хусусиятдаги ҳужжатларни бериш билан боғлиқ айрим турдаги божхона йиғимлари бекор қилинади;

- товарларни «божхона ҳудудида қайта ишлаш» ва «божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш» божхона режимларида расмийлаштирганлик учун божхона йиғими ставкалари пасайтирилади.

Шунингдек, божхона органлари томонидан товарларни ТИФ ТН коди билан таснифлаш юзасидан дастлабки қарор қабул қилинганлик учун божхона йиғими миқдори кескин камайтирилди. Олдин 50 евро миқдорида бўлган бўлса, эндиликда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 фоизи, яъни 167.250 сўм қилиб белгиланган.

Импорт қилинган товарларнинг ТИФ ТН кодида тадбиркорларимизда шубҳа бўлса, божхона органларига мурожаат қилиб, бу юзасидан товарнинг ҳақиқий ТИФ ТН кодини билиб олиш имконини бериб, турли хил ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олди олинган бўлади.

Эслатиб ўтамиз, вилоят божхона бошқармасида (66) 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” тизими 24 соат давомида фаолият олиб бормоқда. Агар соҳага оид саволларингиз бўлса, тўғридан-тўғри телефон орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Жасурбек ФАЙЗУЛЛАЕВ,

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари, божхона хизмати подполковниги.