Самарқандда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам бўлди

амарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда Марказий Ҳарбий округ қўмондонлиги ҳарбий хизматчилари, Қуролли Кучлар фахрийлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов қатнашчиларни байрам билан қутлар экан, Ватан ҳимоячилари куни ҳаммамиз учун ор-номус, жасорат ва фахру ифтихор байрами эканлигини таъкидлади.

Ҳамма ҳам бундай шарафли ва ўта масъулиятли касбни танламайди, эгнига ҳарбий либос киймайди. Бундай шарафга эришганлар эса чин инсонийлик фазилатлари, мард ва жасурлигини намоён этиб, аввало, бу номга муносиб бўлишга интилади.

Муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг байрам муносабати билан йўллаган табригида мутафаккир шоир Алишер Навоий бобомиз ҳам бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир, деб таъкидлади. Шу нуқтаи назардан бу йилги байрамнинг “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!”, деган шиор остида нишонланаётгани бежиз эмас. Сана муносабати билан 2018 йил 15 декабрдан буён юртимизда Ватанпарварлик ойлиги ўтказилмоқда. Ойлик доирасида вилоятимиздаги шаҳар ва қишлоқлар, таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида ҳарбийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида маъанавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Ёшларнинг ҳарбий қисм ва муассасаларга саёҳати уюштирилиб, улардаги ватанпарварлик, юртга садоқат туйғулари мустаҳкамланмоқда. Яқинда Самарқанд шаҳрида “Менинг армиям – менинг фахрим” фестивали ҳам ана шундай тадбирларнинг бири сифатида юксак савияда ўтказилди. Умуман, бу йилги байрам ҳар қачонгидан ҳам кенг кўламда нишонланаётгани туфайли унинг завқи ва шукуҳи ўзгача. Энг муҳими, бу тадбирлар “Армия ва халқ – бир тану бир жон!”, деган олижаноб ғояни ўзида ифода этиб, уларнинг муштараклигини намоён этмоқда.

Бугун давлатимиз мудофаа қудратини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида миллий армиямиз учун етук ва малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини учун муносиб турмуш шароити яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Куни кеча муҳтарам Президентимизнинг вилоятимизга ташрифлари давомида Самарқанд туманининг Қорасув массивида бунёд этилган замонавий кўп қаватли уйлардан 360 та хонадон ҳарбий хизматчиларимизга тантанали равишда топширилмоқда. Умуман, 2018 йил давомида вилоятимизда ҳарбийлар учун 180 та хонадон имтиёзли ипотека кредитлари асосида берилди. Ҳарбий хизматчиларнинг 10 дан зиёд фарзандлари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Истеъфодаги ҳарбий хизматчиларимиз мактабларда ўқувчиларни чақириққача ёшларни тайёрлаш фанларини ўтишга жалб қилинмоқда. Самарқанд шаҳридаги ҳарбийлар шаҳарчасининг инфратузилмасини такомиллаштириш, бу ерда яшовчилар учун ҳар томонлама қулай турмуш шароити яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Яқин орада бу ердаги ҳарбий боғда бунёдкорлик-ободонлаштириш ишлари якунига етказилади.

Бу ишларимиз бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади. Ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш энг устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Тадбирда Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2019 йил 11 январдаги фармонига кўра, вилоятимиздаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилардан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирланди.

– Хизматим учун давлатимизнинг юксак мукофот билан тақдирланганимдан хурсандман, – дейди Самарқанд вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси мутахассиси Фотима Саидова. – Ушбу мукофот янада кўпроқ меҳнат қилишга ундади, Ватан ҳимоячиси деган шарафли касбга масъулиятимни оширди.

Ҳарбий оркестр ва самарқандлик хонандалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари А.Усмонов иштирок этди.

Шу куни Самарқанд шаҳридаги “Садаф” ресторанида ҳарбийлар учун вилоят ҳокимининг тантанали қабули уюштирилди.

Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ.