Самарқанд давлат чет тиллар институтида турк тили йўналиши очилди

Бугунги кунда Самарқанд давлат чет тиллар институтида 12 000 дан ортиқ талаба-ёшлар таҳсил олмоқда. Институтда 8 та факультет, 28 та кафедра мавжуд бўлиб, 2023-2024 ўқув йилида бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклига жами 2045 та квота ажратилди.

Шунингдек, сиртқи таълимга 50 та, кечки таълимга 950 та, магистратурага 212 та квота белгиланди. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

- Жорий йилда бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида “Ўзга тилли гуруҳларда рус тили”, “Филология ва тилларни ўқитиш: турк тили” йўналишлари очилди, - деди институтнинг ёшлар масалалари, маънавий ва маърифий ишлар бўйича проректори Отабек Ғайбуллаев. – Шунингдек, сиртқи таълимда “Филология ва тилларни ўқитиш: рус тили” йўналиши, магистратура босқичида “Лингвистика: рус тили” йўналишлари очилди.

Бугунги кунда институтда олтита тил ўқитиш маркази фаолият юритмоқда. Марказларда йилига 2500 дан ортиқ абитуриент чет тилларга ўқитилмоқда. Бундан ташқари, хорижий тилларни ўқитишни янада оммалаштириш мақсадида вилоятдаги 9 та коллеж ва техникумларда немис тили ўқув курсларини ўқитиш йўлга қўйилди.

2022-2023 ўқув йилида “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турадиган талабаларнинг жами 19 нафарига 37 миллион 871 минг сўм миқдорида контракт тўлов пуллари институт томонидан тўлаб берилган. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги бор талабаларнинг 71 нафарига 36 миллион 769 минг 500 сўм миқдорида моддий ёрдам берилган.

Матбуот анжуманида талабаларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Жорий йилнинг февраль ойида яроқсиз ҳолатда турган 1000 ўринли ўқув биноси мукаммал таъмирдан чиқарилиб, замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозланган ҳолда фойдаланишга топширилган. Ҳозирги кунда 7 қаватли 2000 ўринли ўқув биносини қуриш ишлари қизғин давом этмоқда. Жумладан, 1 та очиқ спорт майдони, 1 та ёпиқ спорт мажмуаси, 1 мактабгача таълим муассасаси ҳамда 1 та хорижий тилларга ихтисослашган мактаб қуриш ишлари ҳам истиқболдаги режалардан ўрин олгани айтилди.

Ҳозирда қабул жараёнларини муваффақиятли ташкил этиш мақсадида институтда қабул комиссияси тузилган бўлиб, Call-марказ ҳамда маслаҳатлар марказлари фаолиятлари йўлга қўйилган. Ундаги ходимлар абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналарига мунтазам хизмат кўрсатиб келмоқда. Аҳолига янада енгиллик яратиш мақсадида институт фаолияти билан боғлиқ барча маълумотлар расмий веб-сайт ҳамда ижтимоий тармоқларга жойлаштириб борилмоқда.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.