Самарқанд давлат тиббиёт институти Милан университети билан ҳамкорлик қилади
Италиянинг Милан университети профессори, “Остеоcом” фирмаси вакиллари Диего Лопс ҳамда Мануел Элиа Самарқанд давлат тиббиёт институтида бўлиб, таълим муассасаси фаолияти билан танишди.
Институтда таълим жараёнида замонавий информацион технологиялар ва ўқитишнинг халқаро стандартларига мос дастурлардан фойдаланилаётгани, ўқув хоналари ва лабораторияларда яратилган шароит меҳмонларга манзур бўлди. Италиялик олимлар бу воситалардан самарали фойдаланиш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.
Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори Жасур Ризаев билан учрашув чоғида институт ва Милан университети ўртасида илмий алоқаларни йўлга қўйиш, ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.
Милан университети профессори Диего Лопс институт профессор-ўқитувчилари, клиник ординатор, магистратура резидентлари ва стоматология факультети талабаларига инновацион магнитодинамик технологияларнинг стоматологияда тутган ўрни ҳақида маъруза қилди. Ўзининг бу борадаги илмий изланишлари ва тажрибалари билан ўртоқлашди. Ушбу йўналишда айни пайтда Италия ва бошқа давлатларда қўлланилаётган илғор усуллар тўғрисида амалий машғулотлар ўтди.