Самарқандда масофавий телемедицина маркази очилди

Самарқанд давлат тиббиёт университетининг ихтисослашган болалар хирургик клиникаси Жанубий Кореянинг Kyungpook National University Hospital (KNUH) билан ҳамкорликда масофавий телемедицина маркази очди.

Масофавий телемедицина маркази болалар хирургиясининг долзарб масалалари бўйича масофадан туриб, замонавий инновацион хирургик даволаш усуллари бўйича тажриба алмашиш, алоҳида беморларни масофадан туриб консультация қилиш мақсадида ташкил этилди.

- Масофавий телемедицина марказининг очилишигача Жанубий Кореядан марказнинг ишлаши учун зарур бўлган барча замонавий асбоб-ускуналар олиб келинди, - деди университет ректори Жасур Ризаев. - Клиникада бундай масофавий телемедицина марказининг очилиши шубҳасиз ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичи бўлиб қолмасдан, аҳолига кўрсатилаётган ихтисослашган хирургик ёрдамни сон ва сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқади. Шунингдек, илмий тадқиқот ишларининг самарадорлигини  янада оширишига ишончимиз комил.

Жанубий Корея Республикаси Kyungpook National University Hospital (KNUH) билан Самарқанд давлат тиббиёт университети ихтисослашган болалар хирургик клиникаси ўртасида 2019 йил 19 апрелида ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Мазкур меморандум бўйича ўтган йиллар мобайнида клиника амалиётида эндохирургик операцияларни киритиш, кадрлар тайёрлаш, клиникани замонавий жиҳозлар билан жиҳозлаш каби қатор ишлар амалга оширилиб келиняпти.

Шунингдек, ҳар иккала университет клиникалари халқаро миқёсда катта нуфузга эга ва хирургия соҳасида клиник мактаб яратган даргоҳлар ҳисобланади.