Қўшработда дўхтир бўлишни истовчилар кўп
СамДТИ профессорлари шундай хулосага келишди.
Гап шундаки, Самарқанд давлат тиббиёт институти стоматология факультети профессор-ўқитувчилари ўқувчиларнинг қайси фанга қизиқиши, қандай касбни танлашини билиш, улар билан шу мавзуда суҳбатлашиш учун Қўшработ туманига боришди.
Тумандаги 32- ва 39-умумий ўрта таълим мактабларида ўтказилган учрашувда профессорлар ўқувчиларга "Келажакда ким бўлмоқчисиз?" деган саволни беришди. Уларнинг кўпчилиги тиббиёт ходими бўлишга қизиқаётганини айтишди.
- Албатта, бунинг сабаблари бор, - дейди СамДТИ стоматология факультети декани А.Аҳмедов. - Кейинги икки йилда институтимиз ўқитувчилари вилоятимиздаги юзлаб мактаблар, хусусан, Қўшработ туманидаги таълим масканларида бўлиб, шифокорликнинг шарафли касб экани, аммо бунинг учун мактабда аъло баҳоларга ўқиш, айниқса, биология ва химия фанларини яхши ўзлаштириш зарурлигини таъкидлаганмиз.
Учрашувдан сўнг ўқувчиларга байрам дастури намойиш этилди, уларга совға-саломлар улашди.