Самарқанд давлат университети ва Италиянинг Тушиа университети ўртасида талабалар алмашинуви йўлга қўйилади
Самарқанд давлат университетига Италиянинг Тушиа университети ректори Стефано Убертини бошчилигидаги делегация келди. Меҳмонлар дастлаб университетнинг археология, зоология музейлари, янгидан ташкил этилган Биокимё институти билан танишди.
СамДУ ректори билан мулоқотда халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. Томонлар ўртасида узумчилик ва ғалланинг янги навларини яратиш бўйича илмий лаборатория ҳамда қўшма магистратура йўналишларини ташкил этишга келишилди. Археология, ландшафт дизайни, энергетика соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича фикр алмашилди.
- Самарқандга илк бор келишим. Самарқанд давлат университетидаги бир қатор илмий лабораториялар, Биокимё институтидаги оранжерая, археология ва зоология музейларидаги ноёб экспонатлари билан танишдим. Университет билан ҳамкорлигимиз манфаатли бўлишига ишонаман, - дейди делегация раҳбари Стефано Убертини.
Шунингдек, учрашувда озиқ-овқат илмлари, «Эрасмус+» дастури бўйича қўшма лойиҳалар ишлаш, талабалар алмашинувини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди. Италиялик талабалар Самарқанд давлат университетига археология йўналишида тажриба алмашишга келиши учун шартномалар имзоланадиган бўлди.
Маълумот учун: Тушиа университетида Европанинг энг йирик еттита илмий тадқиқот институтларидан бири жойлашган. Асосан, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, озиқ-овқат, биотехнологиялар, архитектура, чиқиндиларни қайта ишлаш, тарих, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишлари бўйича катта тажрибага эга, дейилади ахборот хизмати хабарида.