Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд давлат университетида Канада, Россия давлатлари профессорлари иштирокида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтмоқда

Бугун Самарқанд давлат университетида академик Саидаҳмад Лақаевнинг 70 йиллик юбилейига бағишланган “Математик анализ ва унинг замонавий математик физикага татбиқлари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бошланди.
Анжуманнинг очилишига ўндан ортиқ давлат вакиллари ҳамда республикамизнинг нуфузли олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари қатнашди.
- Самарқанд азалдан илмий салоҳияти юқори бўлган шаҳарлардан биридир, - деди анжуманда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов. – Азим шаҳар қанчадан қанча олимларга илм ўчоғи бўлди. Саидаҳмад ака Лақаевни мен Самарқандга келмасимдан олдин танирдим. Бошқа фанлардан фарқли улароқ математикага оид масалаларнинг мағзини чақиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. У киши математик сифатида Самарқанд илмий мактабига асос солди. Юзлаб шогирдларга устозлик қилди, Саидаҳмад аканинг раҳбарлигида фан докторлари, фан номзодлари етишиб чиқди. Бугун қутлуғ 70 ёшни нишонлаётган академик С.Лақаевни чин қалбимдан табриклайман.
Халқаро илмий-амалий анжуманнинг очилишида академик С.Лақаевнинг дўстлари, шогирдлари қутлуғ 70 ёши билан табриклашди.
Йиғилиш қатнашчиларига Саидаҳмад Лақаевнинг ҳаёти ва ижоди таништирилди. У асли Пайариқ фарзанди. Дастлаб Самарқанд давлат университетида, аспирантурани Москва давлат университетида ўқиган. Ҳаётини математика илми ривожига бағишлаган олимнинг 170 дан ортиқ мақолалари илмий журналларда чоп этилган. Академикнинг илмий салоҳиятини хорижий олий таълим муассасалари ҳам яхши билади. Улар билан кўплаб грант лойиҳаларда қатнашиб келмоқда.
Халқаро илмий-амалий анжуманнинг асосий қисми математика илмига оид масалаларга бағишланди. Унда В.И.Романовский номидаги Математика институти профессор-ўқитувчилари, Канада, Россия давлатлари профессорлари маъруза қилди. Анжуман иши эртага ҳам давом этади.