Самарқанд давлат университетидан Иккинчи жаҳон урушига 500 нафар қаҳрамон қатнашган. Улар сафида университет ректори ҳам бўлган

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Самарқанд давлат университетида ишлаган, таҳсил олган, эл-юрт тинчлиги ва озодлиги йўлида жон фидо этган юртдошларимизнинг табаррук номларини ёдга олиш савоблидир.

Ватан қаҳрамонлари... Улар 500 га яқин эди, 1941 йил 23 июнда Ўзбекистон давлат университети (СамДУ)да бўлиб ўтган митингда “Қўлга қурол олиб, Ватанни ҳимоя қиламиз!” деган шиор билан чиққанди. Афсуски, уларнинг кўпчилиги юртимизга қайтмади. Биз қайтмаганлар ҳақида жуда оз маълумотга эгамиз. Доцент К.Кулданов, ўқитувчилар – Акаскин, В.Алехин, А.Воҳидов, И.Сухарев, Вали Қодировларнинг жанг майдонларида ҳалок бўлганлиги ҳақида манбалар бор. Шунингдек, Х.Абдураҳмонов, В.Жишко, В.Солодний, П.Соловьев, М.Урунов, М.Ҳайдаров сингари талабалар ҳам урушдан қайтмаган.

Уруш йилларида университетимиз ректори бўлган Азиз Валиев ҳам фронтга сафарбар қилинган. Домла 1910 йилда туғилган. 1938 йилдан СамДУ ректори вазифасида ишлаган, файласуф олим бўлган. Манбаларда у кишининг кўнгилли бўлиб фронтга кетганлиги, комиссар ва сиёсий ходим бўлганлиги, майор унвонини олганлиги қайд этилган. Азиз Валиев бир қатор жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган. Жанубий фронтда 1943 йилнинг 15 октябрида қаҳрамонларча ҳалок бўлган.

Тўғри, уруш, ҳарбий ҳолат ҳукмрон бўлган. Лекин Азиз Валиевдан кичикроқ лавозимдагилар ҳам фронт ортини мустаҳкамлаш учун қолдирилаётган бир пайтда домла ўз ўрнини уруш майдонида, деб билган. Ватан учун азиз жонини аямасдан жангга отланган. Бу чин маънодаги жасорат ва қаҳрамонлик эди. 

Биз бугун бу инсонларнинг табаррук номларини чуқур ҳурмат билан ёд этамиз. Порлоқ хотираси олдида бош эгамиз. Фронт ортида туриб меҳнат қилган фахрийларимизга ҳам эҳтиром кўрсатамиз.

Машъум урушга университетдан кетган ва омон қолган юртдошларимиз яна жонажон университетимизга қайтиб, илмий-педагогик фаолиятларини давом эттирган. Уларни ўша пайтларда, кейин ҳам шинелли домлалар, деб аташган.

Уруш кўрган олимлар авлоди илм-фан, таълим-тарбия соҳасида жуда катта ишларни амалга ошириб, университет равнақи учун муносиб ҳисса қўшган. Биз фан докторлари, профессорлар – тарихчи Юрий Алескеров, Михаил Абрамов, филолог Улуғ Турсунов, Ҳамдам Бердиёров, Василий Ларцев, доцент Очилбой Исроилов, фидойи педагог Афанасий Ефимов, Павел Солдатов, Абдулла Сагитов, доцентлар ва ўқитувчилар Мирза Абдулқосимов, Воҳид Абдуллаев, Соли Акрамов, Жўра Аҳмеджонов, Турсун Бобохонов, Жума Очилов, Адҳам Самибоев, Юрий Талишкин, Зубайдулла Тоғаев, Баҳром Ҳамроқулов, Мурадбек Ширбаев, Рустам Каримов, С.Аслиддинов, И.Бурнашев, В.Ездаков, В.Ибадулин, Р.Кадимов, А.Калужин, М.Кеньшаков, Р.Кулданов, В.Мўминов, Ф.Позинчанюк, А.Симонов, Д.Усмонов, А.Чикаев, В.Князевский, ҳарбийлар А.Тошматов, Василий Чеховской, Александр Яцуренколарнинг ҳамда яқин пайтларгача сафимизда бўлган Рашид Раҳмонов ва Сеит Умар Асановларнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз. Афсуски, улар бугун орамизда йўқ.

Самарқанд давлат университети тарихчи олимлари томонидан Иккинчи жаҳон урушига СамДУдан кетганлар, қайтганлар, ҳалок бўлганлар ҳақида махсус тадқиқот бошланган. Ушбу лойиҳа доирасида 500 нафар Самарқанд давлат университети қаҳрамонлари ҳақида маълумотлар тўпланмоқда. Уларнинг фронт бўйлаб ҳаракатлари, олган орден, медаллари ҳақида архив ҳужжатлари тадқиқ этилмоқда. Қўлга киритилган манбалар асосида алоҳида китоб нашр этишни режалаштирганмиз. Бу миннатдор авлодларнинг Ватан қаҳрамонларига эҳтироми рамзидир.

Рустам Холмуродов,

Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси.