Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Россия ФА илмий маркази билан ҳамкорлик қилади

Академик Н.П.Лаверов номидаги Россия Фанлар академияси Урал бўлими қошидаги Арктикани татбиқ (ўрганиш) этиш федерал илмий тадқиқот маркази масъулларидан иборат делегация Самарқандда бўлди.

Россия Федерациясининг Арктика ҳудудида биологик ва генетик хилма-хиллик, экологик ва ижтимоий муаммоларни татбиқ этувчи мазкур марказ Архангельск шаҳрида жойлашган бўлиб, у 2001 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда.

Марказнинг асосий мақсади давлат манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг мутаносиблиги ва аҳоли турмуш сифатини яхшилаш, табиий муҳитни асраб-авайлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг барқарорлигини таъминлашнинг рақобатбардош илмий-техникавий асосларини яратишга қаратилган комплекс фундаментал, қидирув ва амалий илмий тадқиқотларни амалга оширишдан иборат.

Делегация аъзолари Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети (СамДВМЧБУ) билан амалий хамкорлик лойиҳалари ва дастурларини муҳокама қилиш, амалиётга жорий этиш ҳамда илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида юртимизда меҳмон эканини таъкидлади. СамДВМЧБУ ректори, профессор Х.Юнусов бу таклиф учун миннатдорлик билдириб,  ҳамкорликка тайёр экани, олий таълим муассасасининг Россиядаги ҳамкорлари яна биттага кўпайганини эътироф этди ва университетнинг бугунги салоҳияти ҳақида маълумот берди.

Ташриф давомида меҳмонлар професор-ўқитувчилар ва талаба–ёшлар билан ҳам мулоқот қилди.  Таълим маскани салоҳияти, мавжуд ўқув ва илмий лабораториялар, профессор ўқитувчилар, олиб борилаётган илмий изланишлар ҳақида маълумот олди.

Муассасалар ўртасида Халқаро протокол - меморандум имзоланди. Ҳужжат марказ директори И.Н.Болотов ҳамда университет ректори Х.Юнусов томонидан имзоланди.

Эндиликда марказ билан таълим, ўқув амалиёти, талабалар ва профессор ўқитувчилар стажировкаси борасида ва бошқа йўналишларда илмий ва амалий ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилади.

Гулчеҳра Бердиёрова.