Самарқанд дунё аҳли нигоҳида бўлади
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда давлат раҳбари иштирокида жорий ҳафтада ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
– Шубҳасиз, нафақат ҳафтанинг, балки бутун йилнинг энг муҳим сиёсий аҳамиятга эга тадбири - 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йигирма иккинчи мажлисидир, – деди Ш.Асадов. – Тадбирда 8 та аъзо мамлакат - Ўзбекистон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, 3 та кузатувчи мақомидаги мамлакат - Беларусь, Эрон, Мўғилистон ва 4 та меҳмон сифатида таклиф этилган мамлакат - Туркия, Озарбайжон, Турманистон, Арманистон давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этади.
Шунингдек, Саммитда қатнашиш учун БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО), ЮНЕСКО, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш каби халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг раҳбарлари таклиф этилган.
Аввал ташкилотга аъзо давлатлар етакчиларининг тор доирада мажлиси, сўнг барча делегациялар иштирокидаги кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтади. Шу билан бирга, Саммит доирасида икки томонлама учрашувлар ҳам кўзда тутилган.
Мазкур ташкилот доирасидаги ҳамкорлик мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлардан бўлиб, кейинги беш йил давомида Ўзбекистон Президенти томонидан ШҲТ саммитларида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инновация ва бошқа соҳалар бўйича ҳамкорлик самарадорлигини оширишга доир 54 та ташаббус илгари сурилгани таъкидланди. Шулардан 33 таси ҳаётга татбиқ этилган бўлса, 17 таси Самарқанд саммити давомида амалга оширилиши кутилмоқда. Қолган 4 таси ташкилотга аъзо мамлакатлар билан биргаликда ишлаб чиқилмоқда.
Ўзбекистоннинг 2021-2022 йилларда мазкур ташкилотга раислиги даврида барча ҳамкорлик соҳаларида 80 дан ортиқ тадбир муваффақиятли ўтказилди. Саммит пандемиядан сўнг илк бор барча аъзо давлатлар, кузатувчи ҳамда меҳмон сифатида таклиф этилган мамлакатларнинг тўлиқ иштирокида юзма-юз форматда ўтказилаётганлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Саммитда имзолаш учун 30 дан ортиқ ҳужжат тақдим этилиши режалаштирилган.
Самарқанд саммитининг асосий мақсадларидан бири ШҲТ оиласини янада кенгайтириш масаласидир. Давлат раҳбарлари кенгаши доирасида ШҲТга аъзолик мақомини олиш учун Эрон Ислом Республикасининг мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланиши кутилмоқда.
Тадбирда қабул қилинадиган муҳим ҳужжатлардан бири бу – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзо давлатлари ўртасида узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномани 2023-2027 йилларда амалга ошириш бўйича Кенг қамровли режадир.
Ушбу стратегик аҳамиятга эга ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва ШҲТга аъзо барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган.
Бундан ташқари, ШҲТнинг кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкорлар аъзолигини кенгайтириш тўғрисидаги қарори қабул қилинади.
Саммитнинг асосий ҳужжати бу — аъзо мамлакатларнинг энг муҳим минтақавий ва глобал муаммолар бўйича мужассамлашган позициялари ўз ифодасини топган Самарқанд декларацияси. Унда минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий мулоқотни чуқурлаштириш бўйича қўшма ёндашувлар белгилаб берилган.
Шунингдек, Самарқанддаги саммит доирасида ШҲТ билан Араб давлатлари лигаси, БМТнинг ихтисослашган ташкилотлари — ЭСКАТО ва ЮНЕСКО ўртасида ўзаро англашув меморандумларини имзолаш режалаштирилган.
Ш.Асадовнинг қайд этишича, давлатимиз раҳбари саммит доирасида бир қатор делегациялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади, улар билан ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашади.