«Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли лойиҳаси техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш келаси йил якунланади
ШҲТ Самарқанд саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Қирғизистон Республикаси Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги, Хитой Халқ Республикаси Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси ўртасида «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли қурилиши (Қирғизистон ҳудудида) лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама битим имзоланди.
Мазкур ҳужжат билан Қирғизистон Республикаси ҳудудидаги темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича барча ишларни 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида якунлаш белгиланган. Шунингдек, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқишда томонларнинг иштироки, молиялаштириш ва харажатларни тақсимлашига аниқлик киритилган.
Таъкидлаш жоиз, лойиҳа Хитойдан Ўзбекистон орқали Европага ва Жанубий йўлар билан Форс кўрфази давлатларига ташувларни ҳамда савдо географиясини кенгайтириш учун асос бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.