Хитой телеканалларида Самарқанд ҳақидаги фильм уч тилда намойиш этилди

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммити олдидан Хитойнинг СGTN канали томонидан “Самарқанд – Ўзбекистон жавоҳири” номли фильм суратга олинди ва намойиш этилди.

ШҲТ саммитини ёритиш мақсадида Самарқандга келган журналистлар орасида ушбу фильм ижодкори ҳам бор. Фурсатдан фойдаланиб, фильм ҳақида, уни суратга олиш билан боғлиқ жараёнлар юзасидан Хитойнинг рус тилида эфирга узатилувчи СGTN каналининг Ўзбекистондаги мухбири Барчиной Жўраева билан суҳбатлашдик.

-Нуфузли халқаро анжуман аввалида телеканалимиз раҳбарияти ташаббуси билан Самарқанднинг ўзига хос жиҳатлари, тарихи, маданияти билан боғлиқ лавҳаларни жамлаган фильм суратга олиш таклифи берилди. Биз операторимиз билан Самарқанднинг кўпчиликка маълум, шунинг баробарида бугунги янгиланаётган ҳамда ҳали кўп ташвиқ этилмаган жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда лавҳаларни йиғган ҳолда фильм тайёрладик. Хитойлик ҳамкасбларимиз мазкур фильмга архив кадрлардан қўшимча лавҳаларни киритди ва кўпчиликка маъқул фильм дунёга келди.

Алоҳида таъкидлашни истардим, мазкур фильмни тайёрлаш жараёнида Самарқанд вилоят ҳокимлиги, ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бўлими томонидан жуда катта ёрдам кўрсатилди.
Шу тариқа Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити олдидан, қолаверса, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзинпиньнинг Самарқандга ташрифи олдидан мазкур фильм Хатой телеканалларида хитой, инглиз, рус тилларда намойиш этилди. Қолаверса, ижтимоий тармоқларда катта аудиторияни йиғди, деб айтоламан.

Гулруҳ МЎМИНОВА.