ШҲТнинг “Самарқанд руҳи” халқаро ҳамкорликка чорлади
29 сентябрь куни ШҲТ Халқ дипломатияси маркази томонидан пойтахтимизда “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида маданий-гуманитар ҳамкорлик векторлари” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.
Унда Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги даврида маданий-гуманитар соҳада эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш, Самарқанд саммитида фан, таълим, маданият, туризм ва спорт соҳаларини ривожлантириш бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни шакллантириш ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама этилди.
Кеча, 1 октябрь куни Самарқанд шаҳрида ушбу конференциянинг узвий давоми сифатида Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ҳамда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида тадбир ташкил этилди.
"Россия ва Ўзбекистондаги дўстлик уйлари, миллий маданий марказлар - тинчлик, миллатлараро тотувлик ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун: этно-маданий амалиёт ва тажриба алмашиш" мавзусидаги мазкур давра суҳбатида Саха Республикасининг (Россия Федерацияси, Ёқутистон) А.Е.Кулаковский номли “Халқлар дўстлиги уйи” мухтор муассасаси билан Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ҳамда Фонд (Самарқанд) ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.
Мазкур халқаро тадбирда Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Республикаларининг Халқ дипломатияси соҳасидаги ҳамкор тузилмалари вакиллари, Дўстлик уйлари, миллий маданий марказлар, таниқли мутахассис ва экспертлар маърузалар билан иштирок этди.
Айниқса, ЮНЕСКОнинг “Эзгу ният элчиси”, академик олима Александра Очированинг Самарқанд саммитининг ташкилий жиҳатлари ва унда қабул қилинган қарорларнинг долзарблиги бўйича фикр-мулоҳазалари давра суҳбати иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Халқаро тадбирлар жараёнида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовга ШҲТнинг Самарқанд саммитини ташкиллаштириш, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш орқали халқлар дўстлигини янада мустаҳкамлаш, шу жумладан, юртимизда Халқ дипломатияси ривожини таъминлашдаги фаол иштироки учун Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази томонидан таъсис этилган “Халқ дипломати” кўкрак нишони тақдим этилди.
Таъкидлаш лозимки, ушбу кўкрак нишони ШҲТга аъзо давлатларда халқ дипломатияси ривожига муносиб ҳисса қўшган парламент вакиллари, фан, таълим, санъат ва маданият арбоблари, фуқаролик жамияти иштирокчилари, таниқли аёллар, турли соҳаларда катта ютуқларга эришган ёшлар, шунингдек мазкур давлатлар халқларининг ўзаро ҳамкорлигига катта ҳисса қўшган давлат арбоблари, мазкур давлатлар ташқи ишлар тузилмалари ходимлари, элчилар, халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлар, миллий-маданий марказлар ходимлари тақдирланади.
Тадбир давомида меҳмонлар Самарқанд шаҳрининг қадимий обидалари ва «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказида бўлишди, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети фаолияти билан танишди.