Самарқанд меҳмонларни чорлайди

Икки кундан буён Самарқанд халқаро аэропортида ШҲТ 22-саммитида иштирок этиш учун қадимий ва ҳамиша навқирон кентга келаётган давлат раҳбарлари ва нуфузли делегацияларнинг кутиб олиш жараёнларини онлайн тарзда ёритяпмиз. “Ўзбекистон 24”  телеканали ва ЎзА мухбир, оператоторлари билан бирга, ҳамфикрликда ишлаяпмиз. Хорижлик ҳамкасбларимиз билан суҳбатлашяпмиз.

Буларнинг ҳаммаси таассуротларга бой. Муҳими, бу мен учун жуда катта тажриба мактаби бўляпти. Ахир ўн бешга яқин давлат ва ҳукумат раҳбари, ўндан ортиқ халқаро ташкилотлар раҳбарларига мамлакат остонасида пешвоз чиқиш пайтини кузатиш, уларнинг илк ҳаяжон ва ҳайратига гувоҳ бўлишнинг ўзи катта мактаб.

Белгиланган протокол бўйича хорижий давлатлар самолёти Самарқанд халқаро аэропортига қўниши олдидан фахрий қоровул саф тортади. Ҳар бир меҳмон мамлакатимиз ҳукумати раҳбарияти томонидан алоҳида эҳтиром билан кутиб олинмоқда.

Бугуннинг ўзида эрта тонгдан бошлаб ўндан зиёд ҳаво кемаси Самарқанднинг янги, кўркам аэропорти келиб қўнди. Уларнинг ҳар бирида Ўзбекистонга, ШҲТ саммитида қатнашиш учун ошиқаётган инсонлар, мамлакатимизнинг дўстлари келди.

Неча асрларки, дунё аҳли Самарқандга талпинади. Ер юзининг сайқали бўлган бу замин кўплаб улуғ зотларни, алломалару давлат арбобларини ўзига ром этган, ошуфта қилган.

Бугун ҳам бутун дунё нигоҳи Самарқандга қадалган. Янги Ўзбекистон буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг кўп асрлар илгари тарихга мухрлаб кетган “Куч — адолатда” деган эзгу ғоясини амалга ошираётган ворис бўлди.

Қуёш ботяпти. Халқаро аэропорт атрофидаги байроқлар шамолда ҳилпирайди. Юрагим ҳапқиради, кўзларим қувнайди. Улар яна янги меҳмонларни чорлаётгандек.

Абдулазиз МУСАЕВ,

ЎзА мухбири.