«Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли Хитойга масофани 900 километрга қисқартиради

Зилола ЮНУСОВА, Халқаро муносабатлар бўйича ахборот таҳлилий маркази бўлим бошлиғи:

-ШҲТ Самарқанд саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Қирғизистон Республикаси Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги, Хитой Халқ Республикаси Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси ўртасида «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли қурилиши (Қирғизистон ҳудудида) лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама битим имзоланди.

Мазкур ҳужжат билан Қирғизистон Республикаси ҳудудидаги темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича барча ишлар 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида якунлаш белгиланган.

Таъкидлаш жоиз, лойиҳа Хитойдан Ўзбекистон орқали Европага ташувларни ҳамда савдо географиясини кенгайтириш учун асос бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Мазкур темирйўлнинг қурилиши 2023 йилда бошланиши кўзда тутилган бўлиб, муҳим аҳамиятли лойиҳа саналади. Сабаби, у мавжуд коридорларга нисбатан 900 километрга қисқа ҳисобланади, агар янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, Марказий Осиё давлатларидан Хитойнинг Сицзянь шаҳригача 7-8 кунни ташкил қилади. Ушбу транспорт коридорининг ишга туширилиши натижасида Марказий Осиёнинг транзит салоҳияти ошади, экспорт ҳажми кўпаяди. Кейинги йилларда глобал иқтисодиётда юзага келаётган қатор муаммолар имкон қадар кўпроқ транспорт транзитлари бўлишини тақозо этмоқда.