Самарқанд шаҳрига "электричка" қатнови йўлга қўйилади: Электропоезд Жума-Самарқанд-Булунғур йўналишида ҳаракатланиши режалаштирилмоқда
Мазкур иш Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш мақсадидаги вазифаларнинг бир қисми холос. Чунки белгиланган режалар кўлами кенг ва ундан катта натижалар кутилмоқда.
Бу ҳақда вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жўрабек Қоржовов халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 82-сессиясида батафсил ахборот берди. Жорий йил якунига қадар режалаштирилган транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош режасининг тақдимотини ўтказди.
Ахборотга кўра, электричка – замонавий жамоат транспорти ёқилғи тақчиллиги ёки бошқа табиий ҳолатларга қарамасдан шаҳар атрофидан қатновчилар учун қулайлик бўлади. У қатнайдиган йўналишида 7 та - Фарҳод шаҳарчаси, Аэропорт, Фотима Қосимова, Чортут, Чархин, Искандарий ва Тўқбой маҳаллаларида оралиқ бекатлар қурилади.
Бош режага асосан, "Самарқанд", "Шоҳи Зинда" ва "Сиёб" автостанциялари фаолияти тўхтатилади. Бу ерларга қатнайдиган йўналишларнинг охирги бекати Чўпон ота автовокзали бўлади. Яъни, Булунғур, Жомбой туманлари ва шу билан бирга қўшни вилоятлардан келаётган жамоат транспортлари шаҳар ичига кирмайди. Улар янги қурилаётган автовокзалда барча йўловчиларини туширади, автобус ва маршрутка, енгил автомобиллар шу ердан йўловчи миндиради.
Умуман, шаҳар атрофидан жамоат транспортларининг кўҳна кентга “киритмаслик” биргина шундан иборат эмас. Режага кўра, йил охиригача, туманлардан кириб келувчи магистрал йўлларда 3 та автотураргоҳ қурилади. Хусусан, М-37 Самарқанд ҳалқа йўлининг Самрқанд тумани Паррандачилик фабрикаси (“Селский круг”), М-37 Самарқанд ҳалқа йўлининг Қундузсўфи маҳалласи (“Мотрид круг”) ҳамда М-39 Самрқанд ҳалқа йўлининг Чумчуқли маҳалласи (“Бетонка круг”) да туманларнинг сўнгги бекатлари жойлаштирилади.
Шаҳарнинг бир нуқтасидан иккинчи нуқтага етиб олишда жамоат транспортидан фойдаланишни қулайлаштириш учун 27 километр жамоат транспорти учун алоҳида йўлаклар ташкил этилади. Шунингдек, 10 та магистрал ва 33 та етказиб берувчи жамоат транспорти йўналишлари фаолияти йўлга қўйилади.
Яна бир янгилик шуки, жамоат транспорти учун янги тарифлар менюси ишлаб чиқилади. Унга кўра, талаба, ўқувчи, пенсионер, ногирон, оддий йўловчиларга алоҳида ва дифференциал тарифлар жорий қилинади.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрида 119 та бекат қурилади ва 158 та оралиқ бекатлар реконструкция қилинади. Бекатлар йўловчиларга зарур бўлган барча маълумотларни реал вақт режимида электрон тақдим этувчи мониторлар билан жиҳозланади.
Мавжуд 26 та кўча, Самарқанд ҳалқа йўли ва Университет хиёбонига 78 дона ҳуқуқбузарликларни қайд этувчи кузатув камералари ўрнатилади. Шунингдек, 94, 28 километр велосипед йўлаклари қурилади.
Албатта, жорий қилиниши кўзда тутилган янгиликлар кўп, кутилаётган ижобий ўзгаришлар билан тугамайди.