Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд фармсаноати: дори воситалари ва тиббий буюмлар экспортга ҳам чиқариляпти

2018 йил вилоятда умумий қиймати 287 миллиард 596 миллион сўмлик 10 та инвестиция лойиҳасини режалаштирилган, бироқ уларнинг бирортаси амалга оширилмаган. 2019 йил битта лойиҳа - “Перфект фарм” масъулияти чекланган жамияти томонидан “in bulc” асосида дори воситалари ишлаб чиқариш фойдаланишга топширилган.

2020 йилда эса 122,95 миллиард сўм ўзлаштирилиб, 3 та лойиҳа ишга туширилди. Хусусан, “Optima sobirjon” МЧЖда стерилланмаган тиббий қўлқоп, “Eco pharm med invest” МЧЖда 70 фоиз тиббий этил спирти ва спиртли антисептиклар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. “Samarkand herbal medicine” МЧЖ эса доривор ўсимлик хом ашёсини қадоқлаш ва улгуржи реализация қилиш лойиҳасини амалга оширди.

Ушбу лойиҳалар натижасида 17,16 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 115 та янги иш ўрини яратилган.

Кўрсаткич қанақа, янгилик бўладими?

2020 йилнинг якунлари бўйича маҳаллий ишлаб чиқарилган дори воситалари ҳажми 96 миллиард сўмни ташкил этди. Бу 2019 йил билан солиштирганда ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробар (2019 йилда 46 млрд. сўмлик) ошганини кўрсатмоқда.

Бугунги кунда 2 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхона томонидан 5 та хорижий мамлакатга фармацевтика маҳсулотлари экспорт қилинмоқда. Биргина 2020 йилда экспорт прогнози - 250 минг доллар бўлгани ҳолда амалда 925,3 минг долларлик дори воситалари ва 722 минг долларлик тиббий буюмлар хорижий давлатларга сотилган.

Айни пайтда вилоятда 7 та дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи корхона, яна шунча профилактика муассасалари қошидаги дори воситалари тайёрлашни ташкил этувчи дорихона фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 71 та дори воситаларини улгуржи реализация қилувчи ташкилот, 1554 та (шу жумладан, 208 та ижтимоий дорихона) чакана реализация қилувчи дорихона ва филиаллар рўйхатга олинган.

Фармацевтика соҳасини янада ривожлантириш мақсадида вилоятда 2021-2022 йилларда умумий қиймати 417,7 миллиард сўм (38,4 млн. АҚШ доллари) бўлган 7 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиши режалаштирилган. Натижада 295 та янги иш ўринлари яратилади.

Ким, нима чиқармоқчи?

Жорий йилда фармацевтика йўналишида 5 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Жумладан, "Фортуна Ургут медикал" МЧЖ томонидан тайёр дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш ташкил этилади. "Samarqand England Eco-Medical" МЧЖда эса 300 миллион дона таблетка ва капсула шаклидаги тайёр дори воситаларини тайёрлаш йўлга қўйилади.

Шунингдек, “Полидар Фарм” МЧЖда шамчалар (суппозиторий) ишлаб чиқариш ташкил этилади. Қиймати 590 минг долларлик лойиҳа доирасида ишлаб чиқариш ҳажми 2 миллион дона бўлиши кўзда тутилган.

"Сифат элегант сервис" МЧЖда тиббий қўлқоплар, болалар тагликлари тайёрлаш чоралари кўриляпти. "Pharm partners group" МЧЖ 1 миллион 390 минг долларлик тиббиёт ПЭТ таралари ва буюмлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширяпти.

Шунингдек, келгуси йилда "Samarqand England Eco-Medical" МЧЖ 20 миллион дона инфузион эритмалар ва антибиотиклар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. "Multi Fruite Korea" МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси 20 миллион долларлик фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириб, 150 та янги иш ўринлари яратишни режалаштирмоқда.

Доривор ўсимликлар борми?

“Samarkand herbal medicine” МЧЖ эса доривор ўсимлик хом ашёсини қадоқлаш ва улгуржи реализация қилиш лойиҳасини амалга оширилганини ўқиган муштарийда шундай савол туғилиш табиий.

Албатта, вилоятимизда доривор ўсимликларни саноат усулида етиштириш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, Қўшработ туманида кластер шаклидаги “Алихан органик агро” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан амалга оширилаётган ишлар кўпчиликнинг оғзига тушган. Негаки, корхона 2500 гектар ер майдонида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини нафақат етиштириш, балки келгусида шу ернинг ўзида чуқур қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспортга йўналтириш кўзда тутилган. Улар Туркия давлати билан ҳамкорликда айни пайтда 1 миллион туп лаванда ўсимлигини парваришлаяпти, ўсимлик туп сонини 3-4 миллионга етказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, 40 минг туп наъматак экилади.

“FARANGIZ” хусусий корхонаси эса тоғли тумандаги 1,5 гектар ер майдонига экилган 1800 туп наъматакдан ўтган йили дастлабки ҳосилни олди. Улар наъматаклар сонини 10 минг тупга етказиш чораларини кўрмоқда. Шунингдек, 30 гектар ер майдонида пол-пола, ромашка, исириқ доривор ўсимликларини етиштириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Ургут туманида “Қуёшли узумзор” МЧЖ 40 гектар жойда коврак ўсимлигини парваришлаяпти. “Боғи Нурафшон” МЧЖ бодом ёғи ишлаб чиқариш учун доривор гиёҳлар етиштиряпти.

Нуробод туманида “Samarkand Herbal medcine” МЧЖ 8 турдаги, “Баҳром бобо” фермер хўжалиги 6 турдаги доривор ўсимликлар етиштирилади.

Ойдин Қаюмова,

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вилоят бўлими бошлиғи.