Самарқанд-Фуцзян форуми: Иқтисодий, туризм ва маданий ҳамкорлик янги босқичда

Самарқанд шаҳридаги "Ипак йўли" халқаро туризм марказида Самарқанд-Фуцзян иқтисодий ва савдо ҳамкорлик ҳамда "Мусаффо Фуцзян" маданий, туризм форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, Самарқанд ва Фуцзян провинцияси ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва туризм салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Форум ишида вилоят ҳокимлиги, иқтисодиёт, савдо, туризм, маданият ва маданий мерос соҳалари масъуллари, шунингдек, Хитой Халқ Республикасининг Фуцзян провинцияси ишбилармонлари иштирок этди.
Форум очилишида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Сардор Ниёзов, Хитой Халқ Республикаси Фуцзян провинцияси губернатори Чжао Лун сўзга чиқиб, ҳамкорлик йўналишлари, жумладан, товар айланмаси, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, қўшма корхоналар ташкил этиш, туризм йўналишларини ривожлантириш ва маданий алмашинувни кучайтириш масалалари ҳақида сўз юритди.
- Самарқанд Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган бўлиб, уч минг йиллик тарихга эга, - дейди А.Бобоев. - Кўҳна кент нафақат маданий ва туризм салоҳиятига, балки савдо-иқтисодий ҳамда саноат жиҳатидан ҳам ҳар томонлама стратегик ҳудуд. Жумладан, ҳудудларимиз ўртасида ўрнатилган савдо-иқтисодий алоқалар натижасида охирги уч йилда Самарқанд ва Хитой ҳудудлари ўртасида товар айланмаси уч бараварга ошди. Яъни, бу кўрсаткич ўтган йил якуни билан 554,4 миллион долларни ташкил этди. Шундан экспорт 121 миллион доллар, импорт 433 миллион доллар. Хитойдан Самарқандга киритилган инвестициялар эса тўрт бараварга ошиб, 354 миллион долларни ташкил қилди.
Ҳозирги кунда Самарқандда 140 дан ортиқ Хитой компаниялари фаолият юритмоқда. Биз ушбу компаниялар сонини ошириш ва янги сармояларни жалб қилишни мақсад қилиб қўйганмиз. Жумладан, Фуцзян провинцияси машинасозлик ва унинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришда етакчи. Ушбу йўналишда Самарқандда ҳам "MAN", "ISUZU" каби йирик корхоналар фаолият юритмоқда. Бу соҳада автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришни локализация қилиш бўйича қўшма лойиҳа амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Тадбир давомида икки ҳудуднинг туризм, маданият, транспорт, қишлоқ хўжалиги, инвестициявий, ишлаб чиқариш ва саноат соҳаларидаги салоҳияти намойиш этилиб, ҳамкорлик янада ривожлантириш таклиф этилди. Хитой Халқ Республикаси Фуцзян провинцияси губернатори Чжао Лун ҳам ушбу йўналишларда истиқболли ва манфаатли лойиҳаларни қўллаб-қувватланишини маълум қилди.
Форум доирасида B2B va G2B учрашувлар ўтказилиб, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги босқичга олиб чиқиш бўйича қатор келишув ҳамда меморандумлар имзоланди.
Меҳмонлар Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиб, "Ипак йўли" халқаро туризм маркази ҳамда "Боқий шаҳар" мажмуасида яратилган шароитлар билан танишди. Самарқанднинг бой тарихи ва маданий мероси Фуцзян делегациясида катта таассурот қолдирди.
Фазлиддин Рўзибоев.