Самарқанд иқтисодий ва маданий салоҳияти билан мамлакатимиз ҳаётида алоҳида ўрин тутади
Самарқанд мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти юқори, бой тарих ва маданиятга эга ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бу заминда улуғ алломаларимиз, буюк саркардаларимиз, жонажон Ватанимизни жаҳонга танитган азиз аждодларимиз хоки мангу қўним топган. Ушбу муқаддас масканларни зиёрат қилиш учун нафақат юртдошларимиз, балки дунёнинг турли бурчакларидан сайёҳлар келади. Улар учун муносиб шарт-шароит яратиш, муборак қадамжоларни обод этиш давлатимизнинг доимий эътиборида ва бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Буни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ҳазрати Хизр мажмуасида — мамлакатимиз мустақиллиги асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мангу ором топган масканда олиб борилган улкан бунёдкорлик ишлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Давлатимиз раҳбари ҳар сафар Самарқандга ташрифини ушбу мажмуа зиёратидан бошлайди.
Шавкат Мирзиёев бу гал ҳам Биринчи Президентимиз қабрига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирди. Ўтганлар ҳақига Қуръон тиловат қилинди.
Шу кунларда ушбу мажмуа маҳаллий ва хорижий сайёҳлар билан ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Давлатимиз раҳбари зиёратчиларга қулай шароит яратиш, мажмуа атрофини янада ободонлаштириш бўйича тавсияларини билдирди.
Улуғ мутафаккир, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий мажмуаси зиёрати чоғида Президентимиз ушбу масканни замон талабларига мос реконструкция қилиш ҳамда унинг атрофида сайёҳлар учун барча хизмат турларини қамраб олувчи меҳмонхона ва инфратузилма объектлари қуриш лойиҳалари билан танишиб, уларни сифатли амалга ошириш учун мутасаддиларга топшириқлар берди.
Таъмирлаш ишларини мажмуа ҳудудини уч қисмга ажратган ҳолда босқичма-босқич амалга ошириш мўлжалланган. Аввало, ёдгорликнинг олд қисмини икки қават қилиб кўтариш, масжидни кенгайтириш, 250 ўринли зал, юқори мартабали меҳмонларни кутиш хоналарини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Мажмуа рўпарасида меҳмонхоналар, бозор, гипермаркет, савдо ва маиший хизмат мажмуалари, кафе ва чойхоналар, миллий ҳунармандлик устахоналари, спорт майдони қуриш режалаштирилган. Ушбу ҳудуд ва мажмуа ўртасида фавворалардан иборат 850 метрлик аллея, унинг ёнида француз услубида ландшафт дизайни асосида баҳаво йўлаклар барпо этилади. Зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида мажмуа яқинида маҳаллий ва вилоятлараро йўналишларда қатновчи автобуслар учун автовокзал ҳамда 700 ўринли автомобиллар тўхташ жойи қурилади, мажмуага олиб борувчи йўл бўйида қишлоқ аҳолиси учун икки қаватли турар жойлар бунёд этиш белгиланган.
Бу ишлар амалга оширилгач, зиёратгоҳда бир вақтнинг ўзида 3-4 минг сайёҳга замонавий хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.
— Буюк алломаларимизнинг ислом маданиятини равнақ топтиришга қўшган бетакрор ҳиссаси тўғрисида сўз кетганда, энг аввало, ҳақли равишда мусулмон оламида "муҳаддислар султони" дея улкан шуҳрат қозонган Имом Бухорий бобомизнинг муборак номи тилга олинади, — деди Президент.
Маълумки, зиёратгоҳга туташ ҳудудда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бунёд этилмоқда.
— Бу мажмуа нафақат мамлакатимиз халқи, балки бутун ислом дунёси учун қадрли ҳисобланади, — деди Шавкат Мирзиёев.
Марказнинг маънавий-маърифий ишини ташкил қилиш, унинг илмий-назарий концепциясини яратиш ва ана шу асосда ўқув дастурлари, қўлланмалар ишлаб чиқиш, Имом Бухорий асарлари тадқиқотига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари ташриф доирасида Оқдарё туманидаги "Даромад бахт омад" масъулияти чекланган жамияти томонидан гидропоника усулида ташкил этилган иссиқхона билан танишди. Бу ерда меҳнат қилаётган ишчилар билан суҳбатлашди.
Гидропоника — бу ўсимликларни сунъий муҳитда тупроқсиз етиштириш усулидир. Унда ўсимлик озуқани илдизини ўраб турган эритмадан олади.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги салоҳиятини янада ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда экспортбоп маҳсулот етиштириш мақсадида барча ҳудудларда гидропоника усулида иссиқхоналар ташкил этилмоқда. Ихчам ва самарадор бундай иссиқхоналар юқори сифатли полиз маҳсулотлари етиштириш, минглаб иш ўринлари яратиш имконини беради.
"Даромад бахт омад" масъулияти чекланган жамиятида ҳозир 4 гектар майдонда гидропоника усулида ташкил этилган иссиқхонада помидор парваришланмоқда. 22 доимий, 30 дан ортиқ мавсумий иш ўрни яратилган. Иссиқхонанинг дастлабки ҳосилидан 220 тоннадан ортиқ маҳсулот йиғиштириб олиниб, унинг қарийб тенг ярми Россия ва Қозоғистонга экспорт қилинади.
— Оқдарё туманини пахтадан озод қилдик, — деди Президент. — Туманнинг зах, тошлоқ ерларига гидропоника жуда мос. Бундай иссиқхоналарни кенгайтириш, нима бозорбоп бўлса, шуни экиш керак. Бу йўналишни ривожлантириш учун мутахассислар тайёрлаш зарур.
Шу ерда вилоятда паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа тармоқларни ривожлантириш, мева-сабзавот етиштириш ва экспорт қилишни кўпайтириш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.
Президент лойиҳалар қамровини ошириш, ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берди. Тадбиркорлар билан суҳбатлашди.
Давлатимиз раҳбари соя ёғи харидоргир ва соғлиқ учун фойдали экани, унинг шроти парранда учун зарур озуқа бўлишини таъкидлади. Мазкур йўналишдаги ишларни кенг кўламда давом эттириш ва ривожлантириш учун соя етиштирувчилар ассоциациясини тузиш бўйича кўрсатма берди.
Президентимиз Оқдарё туманидаги "Муштарий Оқдарё" масъулияти чекланган жамиятига қарашли тикувчилик фабрикасида бўлди.
Ўтган йил иш бошлаган ушбу корхонада хотин-қизлар ва болалар учун 20 хилга яқин трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда. Табиий матодан тайёрланаётган сифатли кийим-кечакларнинг асосий қисми Россия, АҚШ ва Қозоғистонга экспорт қилинмоқда. Бу ерда айни пайтда 500 нафарга яқин хотин-қиз, жумладан, коллеж битирувчилари меҳнат қилмоқда.
Шавкат Мирзиёев фабриканинг ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, маҳсулотларни кўздан кечириб, ходимлар билан суҳбатлашди. Бундай замонавий корхоналар иқтисодиётни барқарорлаштириш, аҳолини иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутишини, шу каби фабрикаларни ҳар бир туманда камида иккитадан ташкил этиш, трикотаж кластерлари яратиш зарурлигини таъкидлади.
— Биринчи навбатда, иқтисоди нисбатан оғир бўлган Қўшработ, Нуробод сингари туманларда бу каби трикотаж корхоналарини ташкил қилишимиз керак, — деди Президентимиз. — Етиштирилаётган пахта ҳосилини имкон қадар вилоятларнинг ўзида қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида сотишни йўлга қўйиш ҳар жиҳатдан фойдали бўлади. Қанча кўп иш ўрни яратсак, аҳоли биздан шунчалик кўп рози бўлади, турмуш фаровонлиги яхшиланади.
Шу ерда "Ургут" эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар, вилоятда ташкил этиладиган кичик саноат зоналари ва мини гидроэнергетика станциялари лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Каттақўрғон шаҳри мисолида Жаҳон банки иштирокида кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш дастури ҳақида маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳа ва дастурларни ўз вақтида амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
Самарқандда "КамАЗ" автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳалари билан танишув чоғида Президентимиз маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, автомобиллар экспортини ошириш лозимлигини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев Иштихон тумани "Ҳумо" маҳалла фуқаролар йиғинидаги Хина қишлоғида "Иштихон томорқа хизмати" масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
Президентимизнинг 2017 йил 10 октябрдаги "Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори аҳоли даромадини кўпайтириш, томорқадан унумли фойдаланишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Жорий йилда ташкил этилган жамият юқори навли кўчат ва уруғ етиштириш, тарқатиш, зотдор чорва моллари етказиш, аҳоли томорқасига техник хизмат кўрсатиш, ўсимликларга кимёвий воситалар билан ишлов бериш хизматини ташкил қилиш, етиштирилган маҳсулотни сотиб олиш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланмоқда.
Хина қишлоғида 1 минг 200 дан зиёд аҳоли тасарруфида бугунги кунда 34,2 гектар томорқа мавжуд. Бу ерда томорқадан унумли фойдаланиш, оила фаровонлигини таъминлаш билан бирга дастурхонимиз тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётган тажрибали деҳқонлар кўпчиликни ташкил этади.
Давлатимиз раҳбари шу қишлоқда яшовчи Тошқувват Ражабов хонадонига ташриф буюрди.
71 ёшли Тошқувват ота 14 фарзандни эл корига ярайдиган инсон қилиб тарбиялаган. Бугунги кунда улар қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт ва тадбиркорлик соҳаларида юртимиз тараққиёти учун меҳнат қилмоқда. Отахон томорқасида иссиқхона қуриб, помидор ва бодринг парваришини йўлга қўйган. Бу йил томорқадан 10 миллион сўм даромад олишни мўлжалламоқда.
Шу ерда "Обод қишлоқ" дастури асосида Нуробод тумани Жом қишлоғини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, боғча, деҳқон бозори, турар жой биноларини таъмирлаш, қишлоқ врачлик пунктини реконструкция қилиш каби муҳим лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
— Томорқадан қишин-ёзин даромад олса бўлади. Бирор қарич ер бўш турмаслиги лозим, аҳолининг томорқадан фойдаланиш маданиятини оширишимиз керак, — деди давлатимиз раҳбари.
Шу куни Паст Дарғом тумани ҳокимлигида вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Аҳолини электр энергияси, табиий газ билан узлуксиз таъминлаш, 11 та қишлоқлараро ва туманлараро янги автобус йўналишлари очиш, вилоятда қўшимча 642 намунавий лойиҳадаги арзон уйлар қуриш, аёллар ва ёшлар жиноятчилигини камайтириш масалалари ҳақида сўз юритилиб, мутасаддиларга бу борада топшириқлар берилди.
Туман ва шаҳарлардаги тадбиркорлар, зиёлилар, нуронийлар ва ёшлар вакиллари билан мулоқот қилиниб, уларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифининг иккинчи куни Самарқанд шаҳрида Марказий ҳарбий округ штаби ва Миллий гвардия бўлинмаси фаолияти билан танишди.
Бу ерда давлатимиз раҳбарига Самарқанд ҳарбий-маъмурий секторида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Аскар ва офицерлар билан мулоқот чоғида мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз борди. Бу борада тегишли дастурлар асосида олиб борилаётган тизимли ўзгаришлар қўшинларни замонавий қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва алоқа воситалари билан таъминлаш, юқори малакали офицер кадрлар тайёрлаш ҳамда миллий армиямиз салоҳиятини ошириш, мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
ЎзА материаллари асосида тайёрланди.
Президентимиз 2017 йилда вилоятга ташрифлари чоғида Самарқанд шаҳри ва бошқа туман, шаҳарларда қурилиш-бунёдкорлик ишларини кенг кўламда давом эттириш, туризм, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларни жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан вазифаларни белгилаб берган эди. Мазкур топшириқлар ижроси доирасида янги саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми ошди. Замонавий уй-жойлар, инфратузилма объектлари бунёд этилди. Ташрифлар чоғида тақдимоти ўтказилган 15 та лойиҳа ишга туширилди, 18 таси бўйича белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
2017 йилда вилоят ялпи ички маҳсулоти ҳажми 18 триллион 319 миллиард сўмга етиб, 102 фоизга бажарилди. Ташқи савдо айланмаси
1 миллиард
96 миллион долларни ташкил этди.Йил давомида хорижий сармоя иштирокида 56 та янги корхона ташкил этилиб, уларнинг сони 291 тага етди. 3259 та кичик бизнес субъекти янгидан фаолият бошлади ва мазкур тармоқнинг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 78 фоизни ташкил этди.
Вилоятни ҳудудий ривожлантириш дастурларига
асосан саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларида 2252 та лойиҳа амалга
оширилиб,
20 минг 300 га яқин янги иш ўрни
яратилди.Инвестиция дастури асосида республика бюджетидан ажратилган 148,6 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 178 та ижтимоий соҳа объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Жорий йилда эса вилоят бўйича 229 та ижтимоий соҳа объектида 674,5 миллиард сўмлик қурилиш ишлари олиб борилади.