Самарқанд иқтисодиёти: 2021 йил барқарор ўсиш даври бўлади

2020 йил якунланяпти. Табиийки, йил охирида ҳар бир корхона, ташкилот, муассаса ўтган йилда қандай ишларни амалга оширгани, нималарга эришганини сарҳисоб қилади, камчиликларидан хулоса чиқаради. Шу жиҳатдан вилоятимиз иқтисодиёти учун бу йил қандай кечди? Қаерда ютдик, қаерда ютқаздик? Қайси муваффақиятлардан андаза олишимиз, қайси ютқазиқларга йўл қўймаслигимиз керак?

Пандемия панд берди, аммо тадбиркорлар имтиёздан баҳраманд бўлди

2020 йил учун вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш борасида кўплаб режа ва мақсадларни белгилаб олган эдик. Бироқ жаҳон миқёсида юзага келган коронавирус пандемияси ушбу режаларни амалга оширишга ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади.

Аммо давлатимиз раҳбари ҳамда ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган оқилона сиёсат, ўз вақтида қабул қилинган қарор ва фармонлар ҳамда белгиланган чора-тадбирлар пандемиянинг салбий таъсирини юмшатишга хизмат қилди. Биргина мисол, Президентимиз фармони билан Молия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан вилоятимиз учун 637,4 миллиард сўм маблағ ажратилди. Унинг 147,3 миллиард сўми коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш тадбирларига сарфланди, инфратузилма лойиҳалари ва инвестиция дастурларини амалга ошириш учун 334,8 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, кам таъминланган оилаларга 122,7 миллиард сўмлик ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинланди, аҳолини ўзини-ўзи банд қилиш тадбирлари учун 16,7 миллиард сўм, ишсиз фуқароларни қисқа муддатли жамоат ишларига жалб этиш учун 15,8 миллиард сўм йўналтирилди.

Шунингдек, пандемия даврида иқтисодиёт тармоқлари узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида кичик бизнес субъектларига бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилди. Жумладан, 19655 та якка тартибдаги тадбиркор ва 37029 та микрофирма ва кичик корхонага 272 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилди. 265 та хўжалик юритувчи субъектнинг 7,8 миллиард сўм солиқ тўлов муддати кечиктирилди, 3360  корхонанинг 1,4 миллиард сўм солиқ қарзи ва пеняси ҳисобдан чиқарилди. 1540 та кичик тадбиркорлик субъекти 7,1 миллиард сўм мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод этилди.

Солиқ ставкасининг пасайтирилиши ҳисобига якка тартибдаги тадбиркорлар ихтиёрида 6,8 миллиард сўм, микрофирма ва кичик корхоналар ихтиёрида 77,1 миллиард сўм маблағ қолди. Карантин туфайли фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган 11222 та тадбиркорлик субъектига 17,5 миллиард сўм солиқ, 776 та тадбиркорлик субъекти учун 1,3 миллиард сўмлик давлат мулки ижараси тўлови ҳисобланмади, 8 276 та кредит шартномалари бўйича тадбиркорларнинг салкам 1,5 триллион сўмлик кредит тўловлари муддати узайтирилди.

Натижалар имтиёзларга яраша

Яратилган мана шу имтиёзлар эвазига иқтисодий натижалар салмоқли бўлди. Буларни қуйидаги рақамларда кўриш мумкин: ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 9 ойда 29,4 триллион сўмни (ўтган йилнинг мос даврида 26,7 триллион сўм), саноат маҳсулотлари ҳажми 10 ойда 14,1 триллион сўмни (ўтган йили 12,6 триллион сўм), қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми 9 ойда 23,2 триллион сўмни (ўтган йили 21 триллион сўм) ташкил этди. Шунингдек, хизмат кўрсатиш, чакана савдо айланмаси, қурилиш-пудрат ишлари, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ҳажм ҳам ўсди.

Йил якуни билан бу рақамлар яна ижобий томонга ўзгаради. Яъни, 2020 йил охирида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 42,1 триллион сўмни ташкил этиши ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 101,9 фоизга ўсиши кутилмоқда. Шунда аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10,7 миллион сўмга ёки ўтган йилга нисбатан 920 минг сўмга ошади.

Бюджетга тушумлар ҳажмини ҳам қониқарли, дейиш мумкин. Чунки 11 ой учун 1965,9 миллиард сўм бюджет даромадлари белгилангани ҳолда бу режа 2142,9 миллиард сўмга ёки 109 фоизга бажарилди. Бюджетга тушган даромаднинг асосий қисми халқ таълими, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилди.

Инвестиция лойиҳалари - янги иш ўринлари кафолати

Ҳудудларда инвестиция жозибадорлигини ошириш иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим саналади. Шу жиҳатдан вилоятимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини оширишга имкон берадиган кўплаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Хусусан, 11 ой давомида умумий қиймати 3,6 триллион сўм бўлган 981 та инвестицион лойиҳанинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида 8775 та янги иш ўрни яратилди. Масалан, Ургут туманидаги “Нур Сам Қур” масъулияти чекланган жамияти томонидан 50,5 миллиард сўм инвестиция ҳисобига мато ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди ва 40 та янги иш ўрни очилди. Паст Дарғом туманида эса “Самарқанд Камалак Инвест Текстил” масъулияти чекланган жамияти томонидан 148 миллиард сўм инвестиция ҳисобига ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиб, 320 та янги иш ўрни ташкил этилди.

Йил якунига қадар, яъни декабрь ойида яна 1,9 триллион сўмлик 161 та лойиҳа ишга туширилиши ва 2945 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Кичик бизнесга кенг йўл

Вилоятимиз иқтисодиётида кузатилган юқори ўсиш суръатларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг алоҳида ўрни бор. Ҳозир вилоятимизда илғор технологиялар билан жиҳозланган 35 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ички ва ташқи бозорни рақобатбардош маҳсулотлар билан таъминламоқда. Энг муҳими, бугунги кунга келиб, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 75,4 фоизга етди. Иш билан банд аҳолининг 85 фоизи нодавлат секторда меҳнат қиляпти.

Бундай натижага эришишда, албатта, мамлакатимизда тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратилгани, уларни молиявий қўллаб-қувватланаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кичик бизнес субъектларига 4 триллион сўм, шундан аҳолининг кенг қатламини тадбиркорликка жалб этишга қаратилган ижтимоий дастурлар доирасида 600 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.

Бу борада Бандлик жамғармасидан оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун 16,3 миллиард сўм мақсадли субсидиялар ажратилгани ва 2580 нафар ишсиз ҳамда камбағал фуқароларга шахсий томорқасида иссиқхона қуриш, уруғ ва кўчатлар етказиб бериш, суғориш воситалари харид қилиш учун 8,7 миллиард сўм, 3396 нафар дала кооперативларига аъзо бўлган ишсиз фуқароларга 7,6 миллиард сўм субсидия ажратилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Дарвоқе, кичик тадбиркорлик фаолияти бўйича якунига етаётган йилда 70 мингта яширин иш ўринларини легаллаштириш режалаштирилган бўлиб, 1 декабрь ҳолатида 74 мингта иш ўрни легаллаштирилди. 76,7 минг фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинди. Шунингдек, жорий йилда 8250 та кичик бизнес субъектлари ташкил этиш режалаштирилиб, 11 ойда 8018 та субъект ташкил этилди.

Камбағаллик қисқаряпти

Ўтаётган йилда вилоятимизда камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилди. Йил бошида вилоят бўйича 47770 та камбағал оила рўйхати шакллантирилиб, “темир дафтар”га киритилган эди. Ўтган даврда сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар ҳамда ҳомийлар томонидан кўрсатилган ёрдам ва “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 51977 оилага 37,1 миллиард сўмлик моддий ёрдам амалга оширилгани натижасида 25812 оила “темир дафтар”дан чиқарилди. Шунингдек, “темир дафтар”даги 63720 нафар фуқаро бандлиги таъминланди.

Аҳоли билан жойларда мунтазам ўтказилган мулоқотлар натижасида яна 4207 оила “темир дафтар”га қўшилди. 1 декабрь ҳолатида 26165 оила “темир дафтар”да рўйхатда турибди.

2021 йилда қандай ишлаймиз?

2020 йилдаги иқтисодий параметрлар қарийб барча соҳа ва тармоқлар кесимида юқори натижани кўрсатаётган бўлса-да, қатор камчиликлар яққол кўзга ташланди. Масалан, пандемия туфайли юзлаб корхоналар фаолияти тўхтаб, етарли маҳсулот ишлаб чиқарилмади, айрим инвестиция лойиҳалари амалга ошмай қолди. Ёки экспорт ҳажми кескин пасайиб кетди. Масалан, 2020 йил учун экспорт режаси 468 миллион доллар бўлиб, 11 ойда 495 та корхона томонидан 53 мамлакатга 518 турдаги 291,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Яъни, пандемия сабабли режа 67,1 фоизга ёки 145,9 миллион долларга кам бажарилди.

Тўғри, бугунги кунда вилоятда 29,8 миллион долларлик экспортбоп саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси мавжуд. Бундан ташқари, 387,9 минг тонна майиз, 5,3 минг тонна ёнғоқ, 61,5 минг тонна мош ва ловия ҳамда қуритилган меваларни экспортга чиқариш чоралари кўрилмоқда. Шулар қатори 2021 йилдан 363 миллион долларлик экспортни амалга оширишни режалаштириб олдик. Демак, келгуси йилда корхона раҳбарлари ва тадбиркорлардан маҳсулотни экспортга чиқаришда сифат ва жаҳон стандарти талабларига риоя этиш талаб этилади.

Энг муҳими, 2021 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 43,6 триллион сўмга етказиш ва 2020 йилга нисбатан 103,7 фоизга бажариш режалаштирилмоқда. Масалан, 19,4 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ёки 35 триллион сўмлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш мўлжалланди. Бунинг учун вилоятимизда шароит ҳам, имконият ҳам, салоҳият ҳам бор. Гап фақат самарали ишлаш, маҳсулот ва хизматлар сифати ва турини оширишда.

Шунингдек, келгуси йилнинг биринчи ярим йиллигида 1395,2 миллиард сўм ёки қўшимча 100 миллиард сўм даромад олиш режалаштирилмоқда. 2021 йилда умумий қиймати 14,8 триллион сўм бўлган 1490 лойиҳани ишга тушириш ва 30924 та янги иш ўрни яратиш режалаштириб олинди. Масалан, Паст Дарғом туманида “Фортуна Ургут Медикал” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 76,5 миллиард сўм бўлган дори-дармон воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади ва 64 та янги иш ўрни яратилади.

Ҳудудларга хориж сармоясини киритиш ва янги корхоналар ташкил этиш мақсадида 2021 йилда умумий қиймати 212,8 миллион доллар бўлган 36 та лойиҳани ишга тушириш ва 2385 та янги иш ўрни яратишни белгилаб олдик. Мисол учун, Пахтачи туманидаги “Зиёвуддин инвест текстил” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 7 миллион доллар бўлган замонавий иссиқхона ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилиб, 150 та янги иш ўрни яратилади.

2021 йилда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида кичик бизнес субъектларининг 1700 га яқин лойиҳалари учун 3,2 триллион сўм кредит ажратилади. Бундан ташқари, ажратилган кредитларнинг қайтиши ҳисобидан 388 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилиб, уларнинг асосий қисми ёшлар ва хотин-қизлар тадбиркорлигига йўналтирилади.

Шунингдек, 2021 йилда солиқ базасини кенгайтириш, жумладан яширин иш ўринларини расмийлаштириш (легаллаштириш), камерал назорат тадбирларини амалга ошириш, ўзини ўзи банд қилган мустақил фаолиятни амалга оширувчи касб эгаларини хатловдан ўтказиш, бўш ер участкаларини тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун аукцион савдоларга чиқариш, тадбиркорлар сафини кенгайтириш, бизнес муҳитини ривожлантириш, камбағаликка қарши курашиш каби йўналишларда ишлар давом эттирилади. Албатта, ушбу ҳаракатларнинг барчаси вилоятимиз иқтисодиётини юксалтириш ва аҳоли турмушини яхшилашга қаратилган.

Жамшид ЎРОҚОВ,

Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари.