Самарқанд музейларида тош даврига оид 7,5 мингдан зиёд ашё сақланади
«Самарқанд» давлат музей-қўриқхонаси археологик ашёларининг умумий сони 65 мингдан ортиқни ташкил этади. Ушбу ашёлар Ўзбекистон тарихининг деярли барча даврларини қамраб олган бўлиб, музей-қўриқхона таркибидаги энг катта ва энг қадимий музей Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи археологик коллекцияси ҳисобланади.
Унда 48 мингдан ортиқ археологик ашёлар сақланади. Музей-қўриқхона таркибидаги иккинчи йирик археологик коллекция вилоят ўлкашунослик музейига тегишли бўлиб, бу ерда Самарқанд ва унга туташ ҳудудлар тарихини акс эттирувчи 13 мингдан ортиқ археологик ашё жамланган. Самарқанднинг қадимги ўрни — Афросиёб шаҳарчасидан топилган 2 мингдан ортиқ археологик ашё Самарқанд шаҳар тарихи — Афросиёб музейида сақланади ва намойиш этилади. Шунингдек, музей-қўриқхона таркибига кирувчи Каттақўрғон шаҳар тарихи музейида 391 дона, Иштихон тумани тарихи музейида 123 дона, Пахтачи тумани тарихи музейида эса 2218 дона археологик ашёлар сақланиб, экспозицияларда намойиш этилмоқда.
Археологик топилмаларнинг муайян қисмини тош даврига оид ашёлар ташкил этади. Ушбу даврга мансуб ашёлар асосан Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи ҳамда вилоят ўлкашунослик музейида жамланган. Хусусан, Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида милоддан аввалги 100–40 минг йилликларга оид 50 дан ортиқ археологик ашёлар сақланиб, улар Нарпай тумани ҳудудида жойлашган Зирақулоқ ва Қўтирбулоқ манзилгоҳлари, шунингдек, Тошкент вилоятидаги Обираҳмат манзилгоҳидан топилган бўлиб, мазкур топилмалар тахминан 60 минг йиллар аввалги даврга тегишлидир. Вилоят ўлкашунослик музейида эса Самарқанд археология институти олимлари Н.Ташкенбаев ва Б.Сайфуллаевлар томонидан музейга топширилган 160 га яқин ўрта палеолит даврига оид ашёлар сақланади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида юқори палеолит даврига, яъни милоддан аввалги 40–12 минг йилликларга оид 140 дан ортиқ археологик ашёлар мавжуд бўлиб, улар Самарқанд шаҳар юқори палеолит манзилгоҳидан, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент вилояти ва Туркманистон ҳудудларидан йиғилган. Бу даврга оид 60 га яқин археологик ашёлар вилоят ўлкашунослик музейида ҳам сақланиб, улар Самарқанд юқори палеолит манзилгоҳидан Самарқанд давлат университети олимлари Д.Лев ва М.Жўрақуловлар томонидан топиб ўрганилган. Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида неолит даврига, яъни милоддан аввалги 6–4 минг йилликларга оид археологик ашёлар сони нисбатан кўп бўлиб, уларнинг умумий миқдори 7 мингдан ошади. Мазкур ашёлар Қорақалпоғистон, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Навоий вилоятлари ҳамда Тожикистон ҳудудларидан аниқланган.
Вилоят ўлкашунослик музейида сақланаётган неолит даврига оид археологик ашёлар сони эса 300 га яқин бўлиб, улар Самарқанд давлат университети олими Н.Холматов томонидан Нуробод туманининг Сазағон ёдгорлигидан топиб ўрганилган ва музейга топширилган. Умуман, бугунги кунда Самарқанд музейларида сақланаётган тош даврига оид археологик ашёларнинг умумий сони 7 минг 500 дан ортиқни ташкил этади.
Гулчирой МАРДИЕВА.