Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд - олам тожидаги олмос

(Достондан парча)
Самарқанд шаҳрининг 25 йиллигига бағишлайман

Бисмиллоҳу раҳмону роҳийм - дило,
Кўҳна Шарқ тарихий, мангу манзило!

Замин меҳварига туташган шаҳар,
Сайқали замин, деб, кўксин кўтарар.

Ассалому алайкум, дер, ер-у самога,
Ҳамда ним табассум қилар дунёга.

Мен томонга боқиб бир имо қилар,
Дуо-ла, шу элат тинчлигин тилар.

Қайда, дер, шундайин зариф шаҳар бор?
Унинг таърифини этмоғинг даркор!

Ассалому алайкум, дейман энтикиб,
Унинг жамолига кўзимни тикиб.

Таъзимлар қиламан, гулгун чаман деб,
Шундайин шаҳарда яшаяпман деб.

Ҳам қалам оламан юрт деб, Худо деб,
Аждодларга монанд... Ё, бисмилло! деб.

Нури ҳидоятин ёғдириб кўкдан,
Кўнглимиз нурафшон этсин Яратган!

Ва менинг дилимга туташсин наво,
Ҳамда шундайин бахт айласин раво.

Мен учун бу сўзлар дилдаги роздир,
Ҳамда қалб-қалами битган баёздир.

Барчаси яратган истаги билан,
Ҳамда авлиёлар тилаги билан.

Не бўлса, юртга бир инъом этайин,
Меҳру муҳаббатим шоён этайин.

Ҳисларим туҳфа деб ҳам ер шарига,
Ёзайин ҳаётим сардафтарига.

Бу асар тафтимга бўлолсин гувоҳ,
Илоҳий сўзлар бер, ё Қодир Аллоҳ!

Ҳам Ватан меҳри-ла зебу зар бўлсин,
Ҳам сенинг ишқинг-ла баробар бўлсин.

Ҳам менинг умриму дардимдан нишон,
Ҳам икки дунёмни этсин нурафшон.

Мақсадим юртимни бундан-да обод

Кўрмоқлик, халқимни айламоқлик шод!


Ҳам азиз-авлиё, валилар иши,

Ҳам улуғ аждодлар ўтли ўтмиши.


Барини ҳурмат-ла бир бор ёд этиш,

Ҳамда ўтганларнинг руҳин шод этиш.


Яна авлодларга демоқлик қаранг,

Бизнинг аждодларнинг асли ким экан?!


Қадриятлар, аслиятлар ким учун,

Уни қалбимизга тугмасак бугун?


Маърифатга умри бахшида, азим,

Илму соҳибларга этмасак таъзим.


Эсламасак эзгу фазилатларин,

Қалбга битолмасак, пок ниятларин.


Сабру бардош ила айлаган шиор,

Меҳнату ҳалоллик йўлин ихтиёр.


Илму фанга қандай қўйган пойдевор,

Ва ё ҳаққа қандай айлаган қарор.


Бизда қурилган илк олий мадраса,

Минглаб мударрислар тутган дунёга.


Нақ ярим ер шарин фатҳ этиб яна,

Ақлу тадбир ила қилиб тантана.


Лол қилган ҳам асли Шимол ва Шарқни,

Дунё гултожлари бизда эмасми?


Уларга ҳурматим беадоғ маним,

Ҳавасу ҳайратим беадоғ маним.


Уларнинг ортидан бормоқдаман жим,

Улар мақсадига сафарбар умрим.


Ҳам фахр этмоқлик, шаҳристоним-ла,

Ҳам унинг таърифин этмоқ жоним-ла.


Унга бўлган ишқим нашъали чиндан,

“Самарқанд - ер юзин сайқали” чиндан!


***

Сал кам уч минг йиллик тарихга эга,

Илму фан калитин тутолган элга.


Самарқанд жаннатнинг қиёси бўлган,

Оламнинг тожини олмоси бўлган.


Бул азиз-авлиё зотлар макони,

Унинг ҳар гардига бахшида жоним.


Ундаги ҳар гўша ва ё ҳар бир жон,

Муборак эртамиз бўлиши аён.

Турон теграсида чарақлаган нур,
Кўрки кўкрагимга бахш этур ҳузур.

Хусну таърифини мадҳ этиб яна,
Завқу шарафила қилиб тантана.

Тавсифу таҳсинлар этишиб бир-бир,
Бу ерларни деган Мовароуннаҳр!

Унда бўй кўрсатган энг олий ният,
Олам юзин кўрган илк маънавият.

Унда тўқилган илк бахмал, кимҳоблар,
Ҳам унга интилган фикри ноёблар.

Не Валилар кўздан ёшин тўкканлар,
Тавоф қилиб, тупроғини ўпганлар.

Эҳтиромлар этиб, назму баёзлар,
Бунда чиққан, асл “Султон қоғоз”лар.

Мовий гумбаз ақлингизни шоштирар,
Жилолари кўзингиз қамаштирар.

Ўн тўрт асрки, бағрига бошлайди,
Ҳазрат(и) Хизр(а.с.) ёнимизда яшайди.

Миноралар исбот этиб, эл ишин,
Сўзлаб берар, Самарқанднинг ўтмишин.

Шону шавкатлари кўкка муштарак,
Дунёга мозийдан беради дарак!

***

Бул шаҳарнинг мадҳин наволар этган,
Уни Расулуллоҳ (с.а.в.) дуолар этган!

Бир кун (Абул) Ибн Аббос* Ҳазрати Хизр,
Самарқанд таърифин этаркан бир-бир.

Дейди: “Аллоҳ ёрлақаган, суйилган,
Ҳам кўксига пайғамбарлар қўйилган”.

Абул Ҳина Ҳусниёдек пайғамбар,
Камтаринлик ва ҳоксорликка раҳбар.

Бўлиб элнинг ҳайратини лол қилган,
Жахолатнинг мулкини ишғол қилган.

Дея, Ҳазрат Хизр(а.с.) боқиб узоққа,
Шаҳарни мақтаган Расулуллоҳ(с.а.в.)га.

Яна бир саҳоба Асом ибн Зайд,
Самарқанд тарифин баён этган пайт.

Бошқа бир ривоят мағзидан огоҳ,
Этиб, деганди дер, Рисолатпаноҳ(пайғ.с.а. в.):
*(Ҳазрати Хизрнинг лақаблари).Абу Хофс Нажмиддин Умар Ан-Насафий Ас-Самарқандий. Қандия. Комилхон Каттаев таржимаси.

“Жайҳун дарёсидан нари бир шаҳар,
Унинг мақтаб, номин Самарқанд дерлар.

Ул жуда бой, афсонавий бир чаман,
Уни Худо ҳар офатдан сақлаган.

У ерда кўп олиму илм талаб,
Туғилади, юртга келтириб шараф.

Ҳам кўксини улуғ этиб бу шаҳар,
Жой олади не-не улуғ мозорлар”.

Бу шаҳарнинг ҳар зарраси азиздир,
Ахир унинг вориси сизу биздир.

Ҳар лаҳзада бир дарахтдек ният ҳам,
Улғаяди илдизин тутиб маҳкам.

Яхшиликлар бўлсин илму зафарда,
Оллоҳ ўзи ярлақаган шаҳарда.

Биз атайин унинг яхши номларин,
Сўзлагаймиз шарафу икромларин.

Йўқса қанча тарих дардларин йиққан,
Ҳаммасидан ёруғ юз билан чиққан.

Ҳар қадамда тўқнашган оғир дамдан,
Самарқандга не минорлар тикланган.

Ҳар муаммо битта ютуқ яратган
Ҳар ютуқки, инсон зотин яйратган.

Шаҳрим Азиз авлиёлар макони,
Паноҳида бўлсин доим Худонинг!

Мен ҳам мубҳам ёки мужмал эмасман,
Эл дардидан дардим афзал демасман.

Ўзгалардан ҳоксор билиб, ўзимни-
Ҳам айтаман, фақат, она сўзимни.

Мен ҳам мудом маънавият томонда,
Илмлилар азоб кўрган замонда.

Яшаяпман қаторларда бор бўлиб,
Кўз ёшимни ютиб, бахтиёр бўлиб.

Бу замонлар кимларни хор этмаган,
Кимларнидир бахтин баҳор этмаган.

Беномусга тутиб тожу рўёни,
Қойил қилиб қўйган бунга дунёни.

Лек ҳақ йўли Ҳақдан обод туради,
Куни келиб гадолар шод туради.

Ўн саккиз минг оламнинг буюк Роббим,
Барчасидан ўзи огоҳ туради.

Адл этади, кеча-ю бугунини,
Ҳам ечади, ҳақиқат тугунини.

Гуллайверар минг йилликлар узра шаън,
Авлиёлар шаҳри, азим Самарқанд!

Жумагул СУВОНОВА.