Самарқанд қишки Олимпия ва Паралимпия спорт турларига ихтисослаштирилади

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 июлдаги “2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарлари (Италия) да бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида” ги қарорига кўра, ҳудудларда қишки Олимпия ва Паралимпия спорт турлари ривожлантирилади.

Қарорга мувофиқ, Самарқанд шаҳри фигурали учиш, хоккей, шорт-трек, кёрлинг, парахоккей, паракёрлинг спорт турларига ихтисослаштирилади. Шунингдек, қишки Олимпия ва Паралимпия спорт турларини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, услубий қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш мақсадида спорт федерация (ассоциация)лари бўлимлари ташкил этилиб, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси Олимпия ва Паралимпия спорт турларини ривожлантириш бўлими бошлиғи Аҳрор Шамсиевнинг маълум қилишича, вилоятда қишки спорт турлари бўйича бюджетдан ташқари маблағлар ва ҳомийлик хайриялари ҳисобидан спорт базалари қурилади, мавжудлари қайта таъмирланиб, спорт жиҳозлари билан таъминланади. Бундан ташқари, нодавлат спорт-таълим муассасалари ташкил этилиб, фаолияти қўллаб-қувватланади.

Ҳозирги кунда Самарқанд шаҳрида 1850 ўринга мўлжалланган “Муз саройи” (“Family park”) фаолият юритмоқда. Қишки спорт турларини ривожлантириш мақсадида маҳаллий тренерлар ҳамда Россиядан 2 нафар мутахассис жалб қилинди. Айни пайтда “Муз саройи”да 200 нафардан зиёд спортчи қишки спорт турлари билан оммавий тарзда шуғулланмоқда.